No icon

Наманганда Hyundai заводи тамал тоши қўйилди! Биринчи автомобиллар 2019 йилдаёқ чиқади!

резидент Шавкат Мирзиёевнинг, 2018 йил 2-3 май кунлари Наманганга бўлган ташрифи чоғида илк эълон қилинган янгилик – Наманганда Hyundai заводи қурилиши, бугун, ўтган қисқа давр ичида реал воқеъликка айланди. 2018 йил 17 ноябрь куни Наманган вилояти ҳокимлигида “Hyundai” тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича инвестицион шартномани имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Шартномани Ўзбекистон Республикаси томонидан Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозаров ва Инвестициялар бўйича Давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов, Корея Республикаси томонидан “Hyundai Motor” ижрочи вице-президенти Ли Чхоль Мин, “Posco-Daewoo corporation” компанияси катта вице-президенти Ли Син-Хун, “Evergreen Motors” компанияси Президенти Ким Чанг Кеон имзоладилар.

Куннинг иккинчи ярмида Тўрақўрғон туманида “Hyundai” тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш янги заводини қурилиш лойиҳаси бошланишига бағишланган “Тамал тоши қўйиш” маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозаров, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор Элчиси Квон Ён У, “Hyundai Motor” ижрочи вице-президенти Ли Чхоль Мин, “Posco-Daewoo corporation” компанияси катта вице-президенти Ли Син-Хун, “Evergreen Motors” компанияси Президенти Ким Чанг Кеон, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича Давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов, Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирининг ўринбосари Сахиб Саифназаров, бошқа расмий идора вакиллари, халқаро ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари журналистлари иштирок этдилар.

Маросимни кириш сўзи билан Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозаров очди. Корея Республикасининг “Хёндэ Мотор”, “Эвергрин моторс” ва “Поско Дэу Корпорейшн” компаниялари ҳамкорлигида қурилиши режалаштирилган бу завод, Наманган вилояти автомобил саноатининг ҳам тамал тоши бўлишини айтиб ўтган Бозаров, “Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22-25 ноябрь кунлари Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифлари, мустақилликнинг илк кунларидан бери юқори даражада давом этиб келган ҳамкорлигимизда янги саҳифа очди. Ташриф доирасида бўлиб ўтган бизнес-форумда Президентимизнинг Кореялик ишбилармонларга мурожаатлари, ҳамкорларимизни Ўзбекистон бозорига янада катта одимлар билан кириб келишларига ишонч берди” деб таъкидлади.

Янги заводнинг вилоят ижтимоий-иқтисодий ҳаёти учун аҳамиятига кенг тўхталган Наманган вилояти ҳокими, мамлакатимизда хорижий инвестицияларга берилаётган кафолатлар ва имтиёзлар ҳамда вилоятнинг инвестицион жозибадорлиги ҳақида батафсил гапириб ўтди.

Бугунги тамал тоши қўйилаётган завод, дўстларимизнинг, кореялик ҳамкорларимизнинг, хорижий сармоядорларнинг айнан Ўзбекистонга, мамлакатимиз иқтисодиётига бўлган ишончининг намунасидир. Ўзбекистонда Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган кенг сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар, юртимизга киритилаётган хорижий сармоя учун тўла кафолатни таъминламоқда. Умид қиламизки, “Хёндэ Мотор”, “Эвергрин моторс” ва “Поско Дэу Корпорейшн” ортидан Наманган вилоятига ҳам Кореядан, ҳам бошқа хорижий мамлакатлардан инвесторлар оқими кўпаяди” деб ўз сўзини якунлади Хайрулло Бозаров.

Сўнг сўз олган Корея Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор Элчиси Квон Ён У, ўзбек тилидаги равон нутқи билан йиғилганларни ҳайратга солди. Жаноб элчи ўз сўзида, Ўзбекистон-Корея муносабатларининг кечаси ва бугуни, Ўзбекистонда автомобил саноатининг шаклланишида Кореянинг иштироки ва ҳиссаси ҳақида тўхталиб ўтар экан, Корейс бизнесига юксак ишонч билдирилаётгани, қулай шароитлар яратиб берилаётгани учун Ўзбекистон ҳукуматига ва Наманган вилояти ҳокимига ўз миннатдорчилигини билдирди.

Ўз ниятларини изҳор қилиш учун минбарга кўтарилган кореялик ҳамкорлар, бу завод келгусидаги бундан-да йирик ҳамкорлик лойиҳаларининг дебочаси эканини қайд этиб ўтишди.

Корея Республикасининг “Hyundai Motor”, “Evergreen Motors” ва “Posco-Daewoo corporation” компаниялари ҳамкорлигида қурилиши режалаштирилган бу завод, 2019 йилнинг сентябрида илк маҳсулотларини чиқаришга бошлайди. Дастлаб йилига 400 та кичик юк машиналари, микроавтобуслар ҳамда автобуслар ишлаб чиқарилади. Босқичма-босқич бу кўрсаткич 2500 тага етказилади. Маҳаллийлаштириш дастури асосида 50 фоиз эҳтиёт қисмларни шу ернинг ўзида ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Дастлабки босқичда 150 та янги ишчи ўрни яратилади. Завод тўла ишга тушганда, мингдан зиёд иш ўрни пайдо бўлади.

Дилмурод Жумабоев, vodiymedia.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика