No icon

BMW автоконцернига 10 млн долларлик жарима солинди

Жанубий Кореяда BMW немис автоконцернига 11,2 млрд вон (9,93 млн доллар) миқдорида жарима солинди. Бунга автоконцерн транспорт воситаларининг ёниб кетишига олиб келган носозликнинг бартараф этилмагани сабаб бўлган.

Жанубий Кореянинг давлат ҳудудлари, инфратузилма ва транспорт вазирлиги комиссияси хулосасига кўра, ёнғин чиқишига чиқинди газларни рециркуляциялаш тизимидаги (EGR) носозлик сабаб бўлган. Тизимнинг клапанидаги муаммо совитувчи суюқликнинг оқиб кетишига олиб келган. Тергов натижаларига кўра, BMW’га носоз машиналарни таъмирлаш, EGR тизими текширувини ўтказиб туриш ва жарима тўлаш мажбурияти қўйилган.

Бироқ BMW’нинг Жанубий Кореядаги муаммолари шу билан тугамаслиги мумкин. Мамлакатнинг мутасадди идоралари компанияга носозлик 2015 йилдаёқ маълум бўлганини тахмин қилишмоқда. Бироқ компанияда ушбу носозлик жорий йил ёзидагина аниқлангани айтилмоқда. 

Financial Times нашри маълумотларига кўра, немис компанияси EGR’даги муаммо сабабли бутун дунёдан 1,6 млн та автомобилини ортга чақиртириб олган. Агар автоконцерннинг носозликни яширишдаги ва автомобилларни чақиртириб олишни пайсалга солганликдаги айби исботланса, унда компаниянинг Жанубий Кореядаги ваколатхонаси ходимлари 10 йиллик қамоқ жазоси олишлари, компания эса 100 млн долларгача жарима тўлашига тўғри келиши мумкин.

Манба: kun.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика