No icon

Mercedes дунёдаги энг хавфсиз машинани ишлаб чиқди (фото+видео)

Mercedes-Benz GLE модели негизида қурилган Experimental Sicherheits Fahrzeugs (ESF) концепт-кари ўзида барча янги технологик ютуқлар ва илғор хавфсизлик функцияларини мужассамлаштирди.

Кроссовернинг экстерьери қолган машиналардан рақамли панеллари борлиги билан фарқланади. Улар радиатор панжараси, орқани кўриш ойнасининг ўрнини эгаллаган ва томда ўрнатилган. Дисплейлар ҳаракатнинг қолган иштирокчиларини йўлдаги вазиятдан хабардор қилиш учун яратилган. Мисол учун, орқани кўриш ойнасига автомобил олдида юз бераётган ва ҳайдовчи ўз олдида кўраётган тасвир чиқарилиши мумкин. Шунингдек, мониторга бирор фавқулодда вазиятда ёрдам сўраб қисқача хабар чиқарилиши мумкин.

Фото: Mercedes-Benz ESF 2019

Фото: Mercedes-Benz ESF 2019

Ҳайдовчи ўрни автопилот режимига ўтилганда олд панелга яширилувчи йиғилувчи педаль ва рул билан жиҳозланган. ESF 2019, шунингдек, ҳайдовчини бурилишга катта тезликда киришдан огоҳлантирувчи Pre-Safe Curve тизими билан таъминланган. Бу тизим хавфсизлик камарини бироз тортиб қўйиш билан ҳайдовчини катта тезликдан огоҳлантиради. Автопилот режими пайдо бўлгани ҳисобга олиниб, салонда хавфсизлик ёстиқчаларининг жойлашиши ҳам оптималлаштирилган.

Фото: Mercedes-Benz ESF 2019

Фото: Mercedes-Benz ESF 2019

Хавфсизлик даражасини ошириш учун автомобил қарама-қарши ва бир йўналишда ҳаракатланаётган ҳайдовчилар кўзини қамаштирмайдиган янги фаралар билан жиҳозланган. Фалокат ёки носозлик юз берса, автомобил автоматик режимда иккита авариявий белгини фаоллаштиради. Улардан биринчиси автомобил томида жойлашган, иккинчиси мустақил равишда машинадан чиқиб, унинг орқасида жойлашадиган мини-роботдан иборат. 

Фото: Mercedes-Benz ESF 2019

Автомобил электроникаси орқадан тўқнашиш хавфини қайд қилса, унда концепт йўл-транспорт ҳодисасидан қочиш ёки унинг оқибатларини минималлаштириш учун мустақил равишда олдинга ҳаракат қилиши мумкин. Болалар билан хавфсиз юриш учун болалар ўриндиғи атрофида хавфсизлик ёстиқчалари тўплами жойлаштирилган. Бундан ташқари, электроника болалар ўриндиғининг тўғри ўрнатилгани ва боланинг сафардаги ҳаётий кўрсаткичларини назорат қилади.

Mercedes ушбу концепт-карни фаол ва пассив хавфсизлик соҳасидаги янги технологияларни намойиш қилиш учун ишлаб чиққан. Автомобилда қўлланган ечимларнинг бир қисми яқин орада Mercedes-Benz’нинг серияли моделларида пайдо бўлиши тахмин қилинмоқда.

Манба: kun.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика