No icon

Жарималар мамлакати

Автомобилни халқ орасида ҳазил тариқасида «иккинчи хотин» ҳам дейишади. Оиласини моддий таъминлаш эр кишининг бурчи. Қўшимчасига машина олса, унинг гарданидаги «олахўржин» каррасига оғирлашади. Айниқса, бизнинг шароитда.

Биринчидан, машина олишнинг ўзи бўлмайди. Хорижликлар ёки узоққа бормайлик, ён қўшниларимиз 2-3 минг «кўки»га яхшигина ҳолатдаги «иномарка» минса, биз бу пулга, ўзимизнинг эски GMларгаку йўл бўлсин, 80-йилларнинг «Жигули»сини зўрға оламиз. Ўша «Жигули»ниям бир неча йил рўзғордан орттириб йиққан ёки бир мавсум Россияда ишлаб, тишни кавагида сақлаб тўплаган пулга чирт кўзни юмиб, ичда бир этни узиб, оладиганлар қанча.

Уёғига ҳар йили қимматлаб борадиган ёқилғи харажатлари, бутловчи қисмлар, эски матоҳнинг ҳар ойлик уста кўриги ва... янгидан-янги жорий қилинаётган, «отнинг калласидай» жарималар кутиб турибди.


Мавзуга оид: Кундузи фарамни ёқиб юрганим учун...

Бир ойча олдин «Максим Горький»дан келаверишда битта ГАИ тўхтатди.

Ҳа, камандир, нима айб қилдим, десам, ЙҲХ қоидасининг палон бандини бўзиб, кундузи ҳаракатланаётган пайтда олд фарангизни ёқиб олибсиз, деди.

Ҳа энди, туннелга кирганимда ўчириш эсдан чиқибдида. Бўлди, мана ўчириб қўйдим, билмабман кечирасиз, дедим.

Билмаслигингиз сизни жавобгарликдан озод этмайди деб... барибир жарима ёзди.

Бугун ҳам ГАИ тўхтатиб, ҳурматли ҳайдовчи ЙҲХ қоидасининг палон бандини бузиб, кундузи олди фараларингизни ёқмабсиз деди.

Ҳа, энди камандир, қоида янги бўлса, эсдан чиқибди, ўрганиб олгунимизгача кечириб туринглар десам, ҳаммани кечираверсак, давлат бюджетини ким ўйлайди ака, хафа бўлманг, ёзмасам бўлмайди, деди ва саволга тутди:

– Охирги марта қачон ёздиргансиз?

– Бир ой олдин.

– Қайси қоидабузарлигингиз учун?

– Кундузи фарамни ёқиб юрганим учун...

ГАИ акамиз кулвордида, ҳужжатимни қайтариб бериб, кетаверинг деди, барака топгур.

(c) Facebookдан олинди


Кундузи чироғини ёқиб юришга GMнинг яқин ва ҳозирги авлод машиналари мослашмаган бўлса, 80-йилларнинг «Жигули»сию, «Москвич»и дош берармиди?! Ҳар бир янги қоида, жарима тури пайдо бўлиши – халқнинг шўрига шўрва тўкилиши дегани. Қадимда турли ўлпону солиқ турлари ўйлаб топилиб, омманинг бор-буди шилинган бўлса, ҳозир бу «замонавий» талқинда – жарималар шаклида бўй кўрсатяпти. Ҳали айтишларича, пиёдалар учун ҳам алоҳида жарималар «ишлаб чиқилмоқда». Ана кейин йиғимнинг зўрини кўринг. Буёқда йиллаб тажрибага эга ҳайдовчиларнинг тўлов эвазига номига мажбурий малака оширишию, турли «автотестлар»дан ўтиши...

Мутасаддиларнинг иддаоси битта – шу орқали йўлларимиздаги қурбонлар сонини камайтирамиз! Кошки эди, бу статистика кескин камаяётган бўлса. Битта парадоксни ҳисобга олиш керак – мантиқсиз чекловлар ва жарималар қоидабузарликларни камайтиришга хизмат қилмайди. Аксинча, ҳайдовчиларни бездиради, безбетлаштиради. Манзил бўйлаб хавфсизлик камарисиз келган ҳайдовчи «пост»дан ўтишда уни тақиб оладию, беш сония ўтиб, яна ечиб кетаверади. Мана сизга – акс таъсир ёки «қарс»нинг иккинчи томони. Чунки бизда бу қоидалар бошданоқ фақат хавфсизликни ўйлаб эмас, кўпроқ қандайдир манфаатлар ва жарима йиғими учунгина қилинади. Ўзимизни алдамайлик, барчамиз биламизку буни.

Яқинда машина ойналарини берухсат «тонировка» қилиш ёки орқа ён ойналарга парда ўрнатиш учун жарима миқдори бирданига 25 бараварга оширилди! Бунга ҳеч қандай изоҳ ҳам берилмади, ҳеч қандай муҳокамага ҳам қўйилмади. 200 минг сўмлик жарима шартта 5 миллион сўмга кўтарилди. Нега?!

Ён ойналарга парда илишнинг оқибати шунчалик оғирми? Ёз кунларида, қуёш тиғида автомобилда шаҳарлараро йўл юриб кўрганлар билади орқа ён пардаларга эҳтиёж қанчалик юқорилигини. Айниқса, орқа ўриндиқда болалар ўтирган бўлса, уларни қуёш уришидан асраш учун парда тортишга мажбур бўласиз. Кунига узоқ йўл қатнайдиган ўн, юз минглаб кишиларда шундай қилишдан бошқа чора йўқ. Чунки автомобилларимизнинг ҳаммасиям кондиционерли эмас. Бундай машиналарга қурби етмайдиганлар қанча. Қизиқда, орқа ён ойналарга парда илиб юриш шунчалик жиддий йўл-транспорт ҳодисаларига олиб келадими? Буни мутахассислар қандай изоҳлайди билмадиму, фикри ожизимча, жариманинг бу қадар «шиширилиши»га қонуний «тонировка» қиладиганлар сони камайгани, бунинг ортидан «жамғарма»ларга тушаётган пул оқими пасайгани бўлса керак.

Ўзингиз ўйлаб кўринг: бир йил аввалги петициядан унумли фойдаланишиб, махсус рухсатнома асосида орқа ва орқа ён томон ойналарини қорайтириш учун жисмоний шахслар ЭКИҲ 90 баробари (18,2 млн сўм), юридик шахслар учун 120 баробар (24,3 млн сўм) тўлаши кераклигини белгилаб қўйишди. Аслида у петицияда «тонировка» пуллик бўлсин, дейилмаганди. Майли, пуллик қилинганидаям бошқа давлатлардаги каби ҳамёнбоброқ қилинса бўлардику. Ахир, ҳаммада ҳам 1 йил учун 18 миллион тўлаш имкони йўқ.

Шу орқали (тақиқ сабаб) қоидабузарлик ҳолати истаб ёки истамай кўпайтирилди. Махсус рухсатномали «тонировка» ёки парда қўйиб йилига машинанинг салкам ярми пулини тўлашни истамаганлар буни яширинча қилишга ўтишди. «Жиноятчиларни кўпайтир ва ўзингни адолат посбони қилиб кўрсат»ми буёғи?

Энди ҳайдовчиларда учта йўл бор: биринчиси – катта пулга махсус рухсат орқали ойнани қорайтириш, иккинчиси – таваккал қилиб, яширинча парда илиб юриш ва қўлга тушиб қолса, катта жаримани тўлаш, учинчиси – ёзнинг иссиғида, қуёшнинг тиғида йўловчиларини жизғанак қилиб юравериш.

Ҳар учаласида ҳам ҳайдовчи ҳеч нарса ютмайди. Қоида ва жаримани яратганларга эса ҳар қанақасигаям фойда.

...Йўлсозлар кўргазма учун бир йўлакли асфальт ётқизади, текис йўл талашиб бир изга чиққан машиналар «лобма-лоб» урилади, одамлар қурбон бўлади, бунга ҳеч ким жавоб бермайди. Магистралларда ён полосадан юрсангиз «гарможка»дан машинангиз сакраб хуноб қилади, ё йўлдан чиқиб хавфида қоласиз ёки текис йўл талашиб бехосдан ЙТҲ содир этасиз, яна ҳеч ким жавоб бермайди. Йиллаб ямалмайдиган «яма»ларга тушасиз, энг омадингиз чопганда шиналарингиздан ажраласиз, дискаларни қийшайтирасиз ва яна ўзингиз айбдор бўласиз. Лекин «қурбонлар сонини камайтириш» учун, машинангиз ёниб кетиш хавфида бўлса ҳам, чарағон кунларда фара ёқиб юришга мажбурсиз, чунки маънан эски автомобиль миниш – қурбингиз етгани эмас, айбингиз. Болаларингизни қуёш иссиғидан ҳимоялаш учун орқа ойналарга парда торта олмайсиз, чунки йилига 18 миллионни тўлаб қўймагансиз... Хуллас, ҳаммасига ўзингиз айбдорсиз. Сабр, сизларга!

Манба: xabar.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика