No icon

Барак Обаманинг биринчи автомобили сотилади

26 июнда АҚШнинг Коннектикут штатидаги аукционда 2000 йилда ишлаб чиқарилган Jeep Grand Cherokee автомобили сотувга қўйилади. 216 минг километрдан кўпроқ йўл босилган автомобил АҚШнинг собиқ президенти Барак Обаманинг янги ҳолда сотиб олган биринчи автомобили ҳисобланади. 

Обама ўз автомобили ҳақида 2010 йилда Детройдаги Chrysler автомобилсозлик компанияси ишчилари олдидаги нутқида сўзлаб берган. Сотувга қўйилган Grand Cherokee ҳам бир вақтлар шу компания томонидан ишлаб чиқарилган.

Обама бир неча йилдан кейин автомобилини сотиб юборган. Автомобилни чикаголик бир аёл сотиб олган. Аёл машина аввал Обамага тегишли бўлгани ҳақидаги ҳамма ҳужжатларни сақлаб қўйган ва 2010 йилда Обама президент бўлган вақтда уни 26 минг долларга сотиб юборган.  

9 йил ўтиб машина унинг бардачогида топилган баъзи буюмлар билан бирга яна аукционга қўйилди. Бу буюмлар орасида Обаманинг ланч учун чекда ёзган ёзувлари, ташриф қоғозлари ва автотураргоҳ талонлари бор.

Маълумот учун, 30 ноябрда Абу-Дабида афсонавий пойгачи Михаэл Шумахернинг болиди сотилади. Пойгачи ушбу машинада фаолиятидаги 5-чемпионлик унвонини қўлга киритган. Ушбу Ferrari пойга машинасининг бошланғич нархи сир сақланмоқда. Шуниси маълумки, машина сотилишидан олинадиган пулларнинг бир қисми Шумахер жамғармасига йўналтирилади. Жамғарма пойгачи тоғ-чанғи курортида 2013 йил декабрда чанғи учиш вақтида миясидан жароҳат олгандан кейин ташкил этилган.

Манба: kun.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика