No icon

Августдан «иномарка»лар нархи арзонлашади ва Жиззахда «Volkswagen Caddy» сотувга чиқарилади

«Ташқи иқтисодий фаолиятни янада тартибга солиш ва автотранспорт воситаларининг ички бозорини ривожлантиришни рағбатлантиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида» Президент қарори (ПҚ–4739-сон, 03.06.2020 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 августдан бошлаб 8701 (тракторлар), 8702 (10 ёки ундан ортиқ кишини ташишга мўлжалланган моторли транспорт воситалари), 8703 (енгил автомобиллар) ва 8704 (юк ташишга мўлжалланган моторли транспорт воситалари) ТИФ ТН кодлар бўйича транспорт воситаларини олиб киришда амалда бўлган акциз солиғи ставкалари бекор қилинади.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган, акциз солиғига тортиладиган товарларга акциз солиғи ставкалари Президентнинг ПҚ-3818-сон қарори билан тасдиқланган. Ушбу қарордан кейин хориждан кириб келаётган автомашиналар нархи сезиларли равишда арзонлашади.
***

Жиззахда янги автомобил заводи қуриб битказилди. Бир ойдан кейин «Volkswagen Caddy» сотувга чиқарилади

Айтганча, жорий йилнинг март ойида «Ўзавтосаноат» АЖ ва «Фольксваген Груп Рус» концерни ўртасида «Жиззах Автомобиль Заводи» МЧЖ компанияси базасида енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида Келишув имзоланган эди. Бугунги кунда 45 гектар майдонда жойлашган заводнинг қурилиш ишлари якуний босқичида турибди. Завод ва офиснинг асосий қисми бинолари битказилди ва фойдаланиш учун тайёр, дейилади «Ўзавтосаноат» хабарида.

Енгил тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш жараёнини жадаллаштириш мақсадида Ўзбекистонга «Volkswagen Caddy» автомобилларининг бир қисми келтирилиб, улар сертификация бўйича ваколатли органларга иқлим синовлар ва омологация бўйича махсус текширувлардан ўтказиш учун топширилган.

Бир вақтнинг ўзида «Жиззах Авто» МЧЖ томонидан «Фольксваген» дилерлик тармоғини ривожлантириш мақсадида республика ҳудудларидаги қатор дилерлик корхоналар ҳамкорлик қилиш учун танлаб олинди. Таъкидланишича, «Volkswagen Caddy» русумли автомобиллар савдоси шу йилнинг июль ойидан бошланиши режалаштирилмоқда.

Маълумот учун: «Volkswagen Caddy» — 7 ўриндиқли (5 ўриндиқли кўриниши ҳам мавжуд) йўловчи ва юк минивени. Автомобиль ҳам бизнес юритишга, ҳам оилавий фойдаланиш учун тўғри келади. Тежамкор ва технологик (MPI) двигатель 1,6 литр қувватга эга, бензинда ишлайди. Ёқилғи сарфи – шаҳарда 100 км.га 9,3 литр, трассада  100 км.га 6,1 литр.

Фикрлар

Яндекс.Метрика