No icon

Ҳинд компанияси Ўзбекистонда автомобиль дискалари ва ёритиш жиҳозларини ишлаб чиқариши мумкин

Ҳиндистоннинг UNO Minda компанияси Ўзбекистонда автомобиль дискалари ва ёритиш жиҳозларини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширмоқчи. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 9 июль куни Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси UNO Minda компанияси раиси ва бошқарувчи директори Нирмал Минда билан видеоконференция шаклида музокаралар ўтказди.

Музокаралар чоғида Нирмал Минда Ҳиндистон компанияси Ўзбекистонда автомобиль дискалари ва ёритиш жиҳозларини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш, келажакда эса бошқа эҳтиёт қисмларни (клаксон ва динамик) ҳам ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш истагини билдирган.

UNO Minda 1958 йилда ташкил этилган бўлиб, автомобиллар, икки ва уч ғилдиракли транспорт воситалари учун эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Компания Ҳиндистон, Индонезия, Вьетнам, Испания, Марокаш, Мексика ва Колумбияда 62 та ишлаб чиқариш объектларига эга. Бош офиси Харяна штатининг Манесар шаҳрида жойлашган.

Компания Манесар ва Сонепат (Харяна), шунингдек, Пуна (Махараштра) шаҳарларида муҳандислик, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик марказларига эга. Компаниянинг йиллик савдо айланмаси 1,1 миллиард доллардан зиёд.

Манба: daryo.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика