No icon

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобиль турлари ҳар 5 йилда янгиланади

Ўзбекистонда ҳар 5 йилда ишлаб чиқарилаётган автомобиль турларини янгилаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда “Ўзбекистон Республикасида иқтисодий ўсишни тиклаш ва тизимли таркибий ўзгаришларни давом эттириш бўйича 2020-2021 йиллардаги амалий ҳаракатлар режаси”да айтилган.

Қайд этилишича, машинасозлик соҳасида халқаро консалтинг компанияларни жалб қилган ҳолда, автомобилсозлик саноатини ривожлантириш Стратегиясини ишлаб чиқиш мўлжалланган.

Автомобилсозлик саноатида жаҳоннинг етакчи ишлаб чиқарувчилари (Япония ва Жанубий Корея) тажрибаларидан келиб чиқиб, ҳар 5 йилда ишлаб чиқарилаётган автомобиль турларини янгилаш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, автомобилсозлик саноатида маҳаллий саноат корхоналари томонидан ишлатиладиган хом ашёлар асосий турларини маҳаллийлаштириш (пўлат, ясси шиша, каучук) ҳамда автомобилсозлик саноатида юқори технологик эҳтиёт қисмларини (шасси, трансмиссия, рул бошқаруви) маҳаллийлаштиришни асосий йўналиш этиб белгилаш режалаштирилган.

Бундан ташқари, технологик ускуналарни (штамплаш, пайвандлаш, бўяш ва йиғиш линиялари технологиялари) ишлаб чиқиш ва ривожлантириш, соҳанинг муҳандислик салоҳиятини ривожлантириш (иккиламчи бозор учун бутловчи қисм, аксессуарлар ишлаб чиқариш ва тюнинг) ҳамда миллий бренд остида стандартлаштирилган трактор моделларини оммавий ишлаб чиқариш кутиляпти.

Манба: kun.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика