No icon

UzAuto Motors 2019 йилда 2,6 трлн сўм соф фойда кўргани маълум бўлди

UzAuto Motors компанияси 2019 йилда 2,65 триллион сўм (256,3 миллион доллар) соф фойда кўрган. Бу ҳақда Корпоратив ахборот ягона порталида келтирилган маълумотларга таяниб, Spot хабар берди. UzAuto Motors’нинг молиявий ҳисоботи ишончлилиги PwC аудиторлик компаниясининг 23 сентябрдаги ижобий хулосаси билан тасдиқланган. Компания 2016—2017 йилларда кўрган 4,8 триллион сўм зарарини ўтган йиллар давомида (2009—2019 йиллар) тўпланган даромадлар ҳисобидан қоплаган.

2020 йил 1 январда тақсимланмаган 224 миллиард сўм фойда дивидендларга (50,5 фоиз), қолгани эса компанияни ривожлантириш ва лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилган. Бундан ташқари, UzAuto Motors’нинг бош директори вазифасини вақтинча бажарувчи Рустам Ражабовнинг ваколати 2021 йил 31 мартга қадар узайтирилган.

Эслатиб ўтамиз, 2 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳар маъмурий судида UzAuto Motors компаниясининг Монополияга қарши курашиш қўмитаси махсус комиссияси қарорини бекор қилиш бўйича киритган шикояти кўриб чиқилмоқда.

Олдинроқ Монополияга қарши кураш қўмитасининг махсус комиссияси томонидан ўтказилган текширувлар компания автомобиль нархларини 3 миллион сўмдан 19 миллион сўмгача асоссиз оширганини тасдиқлаган, нархларнинг асоссиз оширилган қисмларини бекор қилиб, автомобилларни камайтирилган нархларда сотиш бўйича кўрсатма берган эди. UzAuto Motors эса бунга «автомобиллар нархи асосли ва ҳозир нархни пасайтириш имконсиз» дея жавоб қайтарган эди.

Компания ўшанда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг баёнотларини популистик, ҳаракатларини эса масъулиятсизлик деб атаган ва ушбу сценарий энг йирик миллий корхоналардан бирини банкротликка олиб келиши мумкинлигини айтган эди.

Фикрлар

Яндекс.Метрика