No icon

Ўзбекистонда Labo’нинг электромодели ишлаб чиқилади

Ўзбекистонда Labo автомобили базасида электромобил яратиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Ўзавтосаноат қошидаги Р&Д маркази муҳандиси Фикрет Умеровга таяниб, «Kun.uz» маълум қилди.

Муҳандиснинг айтишича, Labo’нинг электромодели ишлаб чиқилгач унинг сарф-харажатлари кескин камаяди. Лойиҳа қиймати 780 миллион сўмни ташкил этади.

«Бизнинг марказ томонидан UzAuto Motors талабларига мувофиқ равишда миллий электромобилни яратиш, автомобилларни электрлаштириш мўлжал қилиб олинган.

Бунинг учун биринчи бўлиб Labo автомобилини танладик. Сабаби, бу автомобиль конструктив нуқтайи назардан енгилроқ ва вилоятларда кенг ишлатилаётган, эксплуатация қилинаётган автомобиль ҳисобланади.

Ушбу автомобиль таннархини тушириш учун унинг конструкция қисмларини максимал даражада сақлаб қолиш ҳаракатидамиз. Бу жараёнда машинанинг ички ёнув двигатели ва узатмалар қутиси олиб ташланади, ўрнига электр двигатель, редуктор ва контроллёр ўрнатилади. Кинематик схема ва уни бошқарадиган эластик бошқарув дастурини ишлаб чиқяпмиз. Шунингдек, бошқарув математик моделини яратяпмиз.

Labo электромобилининг бошланғич таннархи 10 минг АҚШ доллари атрофида бўлади. Лекин бу маҳаллийлаштирилмаган ҳолатида шундай. Қиммат, дейиш мумкин. Тўғри, чунки деталлар импорт қилинади. Уни кейинчалик маҳаллий ишлаб чиқаришга қўйиш учун биринчи навбатда иқлим шароитида синовдан ўтказилади.

Бу бўйича Ўзбекистон стандарти яратилмаган. Буни ҳам ўзимиз яратишимиз керак. Негаки, бизнинг иқлим Европаникидан кескин фарқ қилади», – деди Фикрет Умеров.

Муҳандиснинг сўзларига кўра, автомобилнинг бир қувватланиши минимал 150 километр, максимал 250 километргача масофага етиши кўзда тутилган. Қувватлаш 220 волтли токдан бўлса, 4 соатдан 8 соатгача, қувватлаш станциясида эса максимал 1 соат кетади.

Labo электромобилини ярим йил ичида яратиш кўзда тутилган.

Аввалроқ Тошкентда электромобиллар учун дастлабки «заправка»ларни 2021 йилда қуриш режалаштирилаётгани хабар қилинганди.

Фикрлар

Яндекс.Метрика