No icon

Ишчилари фақат роботлардан иборат ферма (фото)

Буни қарангки, роботлар нафақат гигант заводларда автомобилларни йиғиши, балки салат барги ва бошқа кўкатларни ҳам етиштириши мумкин экан. Бундай ишлаб чиқаришни инсон иштирокисиз амалга оширишга эришилди. Яъни мини-фермадаги барча ишлар – суғоришдан тортиб, ўсимликлар солинган идишлар жойини ўзгартириш ва ҳосилни йиғиб олишни роботлар автоном режимда амалга оширишмоқда.

Фото: Iron Ox

Калифорниянинг Iron Ox компанияси бу лойиҳани ишга тушириш учун 7 йилга яқин муддат давомида тайёргарлик кўрди. Автоматлаштирилган ферманинг майдони 300 кв. метрга тенг ва у қуёш энергияси ҳисобига ишлайди. Ўсимликларни озиқлантириш гидропон тизими – (сувда эритилган тўйинтирувчи моддалар бевосита ўсимликлар илдизига келиб тушади) ёрдамида амалга оширилади.

Фото: Iron Ox

Мини-фермада райҳон, кашнич, салат барги, карам ва ўсимликларнинг бошқа турлари ўсади. Уларни ўсимликларнинг ҳолатини баҳолаш учун кўплаб датчиклардан фойдаланадиган роботлар етиштиради.

Фото: Iron Ox

Лойиҳа ташкилотчиларининг сўзларига кўра, ёпиқ хоналарда роботлар ёрдамида кўкатлар етиштириш очиқ майдонда етиштиришга қараганда ҳосилдорлик кўрсаткичини сезиларли даражада ошириш имконини беради. Ана шундай бир дона ферма йилига 20 минг ўсимликни етиштириши мумкин. Ўсимликларни назорат қилишнинг автоматлашган тизими ва роботлар меҳнатидан фойдаланиш эса бу каби бизнеснинг даромадини оширади. Умуман олганда кўкат ва сабзавотларни етиштириш бўйича роботлашган фермаларни яратиш истиқболли йўналиш саналади ва бундай лойиҳалар Европа ва Хитойда аллақачон мавжуд.

Манба: kun.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика