No icon

Тожикистонлик йигит “Volkswagen” учун беш йил пул тўплаб, охир оқибат ўғирланган машина сотиб олди

Яқинда Литва ҳуқуқ-тартибот идоралари ўғирланган автомобилларни Германиядан Тожикистонга олиб ўтиш билан шуғулланиб келган трансмиллий гуруҳни қўлга олгани ҳақида маълум қилди. 8 нафар Литва фуқароси ҳибсга олинди. Яна икки киши Германияда қўлга олинди, улар аввал ҳам шу каби жиноят учун ҳукм қилинган эди.

Полиция маълумотларига кўра, ўтган йили ва шу йил ишлаб чиқарилган “BMW” ва “Mercedes” русумидаги 15 та автомобиль ўғирланган ва Тожикистонга олиб борилган. Машиналарнинг айримлари мана шу мамлакатдан топилди.

Душанбеда истиқомат қилувчи Абдурасул Қурбонов узоқ йиллар мобайнида қимматбаҳо “Volkswagen” машинасини сотиб олишни орзу қиларди. Ниҳоят, пул тўплаган ёш йигит, азалий орзусига эришиб, “гўзал темир”ни сотиб олди.

Бироқ, унинг шодлиги узоққа чўзилмади, кўп ўтмай машина Россия ҳудудларида ўғирланиб, иккинчи мамлакат орқали Тожикистонга олиб келингани маълум бўлди. Полиция идорасида ёш йигитга машина халқаро қидирувда экани маълум қилинди: машина Россияда ўғирланган, сўнг Қирғизистон орқали Тожикистонга олиб келинган. Абдурасулнинг айтишича, машинани ўзининг дўсти ёрдами билан автомобиль савдоси билан шуғулланувчи бир кишидан сотиб олган. Сотувчи машинани Дубайдан олиб келганини айтган.

“Беш йил муқаддам бу машиналар қиммат - 30 минг доллар турарди. Барча ҳужжатлар жойида эди. Украина чегарасидан ўтаётганимда мени ушлашди. Машина ўғирланганини айтишди ва ҳибсга олишди. Мени тўрт кун мобайнида вақтинчалик сақлаш изоляторида ушлаб туришди. Маълум бўлишича, машина халқаро қидирувда экан. Жарима тўлаганимдан сўнг мени озод қилишди”, – дейди суҳбатдош.

Ҳаммасидан ҳам Абдурасул немис машинасини сотиб олиш учун бир неча йил давомида пул тўплагани, охир оқибат ўғирланган автомобиль сотиб олганидан афсусланмоқда. Шундан сўнг у оддий ва тежамли “Matiz” сотиб олди. Ёш йигит барча ҳужжатлари теширилганидан сўнг ишончли сотувчидан машина харид қилиш керак деган хулоса чиқарди.​​

Фикрлар

Яндекс.Метрика