No icon

Ҳар ким ниятига яраша...

Россиялик рэпер Децл (Кирилл Толмацкий) 3 февраль куни вафот этди. Тўғри, ўлим ҳақ ва барчамиз бир куни бу дунёни тарк этамиз. Аммо ҳар ким ниятига яраша кун кўради, деганларидек, Децл ўз ўлимини 35 ёшида сунъий тарзда уюштирмоқчи бўлган ва тасодифни қарангки, айнан шу ёшда у ҳаётдан кўз юмди.

Қўшиқчи 2015 йили Воронежнинг “Чижов галереяси” ахборот агентлигига берган интервьюсида қуйидаги сўзларни гапирганди: “Мен қачонлардир 35 ёшга тўлганимда ўз ўлимим сценарийсини уюштиришни истайман ва бирорта оролга яшагани кетаман. Бунга эса жуда оз муддат қолди ҳамда бу ҳақда ўйлаб кўриш керак”. 

Шунингдек, Децл ўша суҳбатда камида 45 йил умр кўришни режалаштираётганлиги ва ҳаётда кўплаб қизиқарли  нарсалар борлиги ва уларнинг барчасидан завқланишга умрининг етмаслигини ҳам таъкидлаганди.   

Репэрнинг вафот этганлиги 3 февраль куни эрталаб маълум бўлди. Унинг концерти директори Павел Беленцнинг сўзларига кўра, Децл Ижевскда ўтказган концертидан сўнг, гримхонага кирган ҳамда орадан бир неча дақиқа ўтгач. ўзини жуда ёмон ҳис қилган ва бирданига вафот этган. Унинг ўлимига юракнинг тўхташи сабаб бўлган.

Марҳум Кирилл Толмацкий «Bad B. Альянс» гуруҳининг собиқ солисти эди. Унинг 8 та қўшиқлар альбоми сотувга чиққанди. 

Децл  “Оқшом”, “Кўз ёшлар”, “Хат” ва “Сен учун” деб номланган хит қўшиқларни ижро этганди.  

Репэр шунингдек, Москвадаги Британия халқаро мактабини тамомлаган ва Швейцарияда ҳам таҳсил олганди.

Улуғбек УМАРОВ тайёрлади.

Фикрлар

Яндекс.Метрика