No icon

Ўқувчи қизнинг бошига туртиб ва бақириб, мисол «тушунтирган» муаллима ишдан бўшади

Фарғона вилояти халқ таълими бошқармаси Фарғонадаги мактабларнинг бири муаллима аёл кичик ёшдаги ўқувчи қизга бақириб, бошига қўли билан туртиб, мисол «тушунтираётгани» акс этган видео бўйича изоҳ берди.

Бошқарманинг «Дарё»га маълум қилишича, бу ҳолат Фарғона шаҳар халқ таълими бўлими тасарруфидаги 40-сонли ихтисослаштирилган мактабда кузатилган. 5-«Г» синф куни узайтирилган гуруҳ тарбиячиси Ф.М. математика фани бўйича уйга вазифаларни бажариш вақтида шу синф ўқувчиси М.Ю.га нисбатан қўпол муомалада бўлган. Тасвир мактаб ҳудудига яширин тарзда уяли алоқа воситасини олиб кирган мазкур синфда ўқийдиган ўқувчи томонидан 3-чоракнинг охирида олинган. Ўқувчи тасвирни онасига кўрсатган. Видео тасвир бир неча кун давомида шахсий алоқа воситасида сақланган. 2019 йилнинг 27 март куни бу видеотасвир ўқувчи қизнинг қариндоши (амакисининг қизи), Фарғона Политехника институти талабаси томонидан шахсий уяли алоқа воситасига юклаб олиниб, Telegram ижтимоий тармоғи орқали турли канал ва гуруҳларга тарқатиб юборилган.

Мактаб маъмурияти бу ҳолатдан 28 март куни хабар топиб, навбатдан ташқари педагогик кенгаш ўтказган. Педагогик кенгаш давомида Ф.М. ўқувчига нисбатан шахсий адовати бўлмаганлигини айтган ҳамда педагогик кенгашнинг қарорига асосан Ф.М. ўз аризасига биноан вазифасидан озод этилган.

Шунингдек, ҳолат юзасидан 28 март куни 5-«Г» синф ота-оналари иштирокида навбатдан ташқари йиғилиш ташкил этилган. Йиғилишда иштирок этган ота-оналар Ф.М.нинг фаолиятига нисбатан ҳеч қандай эътирозлари йўқлиги айтган. Ф.М.нинг иш фаолиятини давом эттиришини сўраб мактаб директорига мурожаат хатлари ёзиб қолдирган. Бундан ташқари, воқеани видеотасвирга туширган ўқувчининг онаси фарзандининг хатти-ҳаракатлари юзасидан тушунтириш ишлари олиб боришга ва фарзандининг келгусида мактаб ҳудудида уяли алоқа воситасидан фойдаланмаслиги тўғрисида тилхат ёзиб берган.

Фикрлар

Яндекс.Метрика