No icon

ОТМларга давлат гранти асосида қабул квоталари камайдими?

кеча, 19 июнь куни Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган брифингда Давлат тест маркази ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутасаддилари иштирок этдилар.

Тадбирни кузатиб борган блогер Шаҳноза Тўрахўжаева унда эълон қилинган маълумотлар билан ўртоқлашди.

Адлия вазирлиги томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида масъуллар қатор муҳим саволларга жавоб беришди. Хусусан:

1. Квоталар қайси принципга асосан шакллантирилади?

Бу йил квоталар сони умумий жиҳатдан ошган бўлса ҳам, айрим йўналишларда камайгани ва умуман давлат гранти учун квоталар камайгани айтилмоқда. Масъулларнинг маълумот беришича, квоталарни шакллантириш учун Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг таҳлиллари ва тавсияларига таянилади. Хусусан, соҳаларнинг ривожланиши, кадрлар сонининг ортиши ёки камайиши, айрим касбларнинг долзарблиги йўқолиши ва янги касблар пайдо бўлишига оид прогнозлар асосида квоталар шакллантирилади. Давлат грантининг камайишига оид саволга эса шундай мазмунда жавоб бўлди: “Давлат қайси соҳага грант ажратишни мақсадга мувофиқ топса, яъни малакали кадрлар кўпроқ керак деб ҳисобласа, ўша соҳаларга грант ажратади”.

2. Бу йил янги очилган филиалларга қабул бўладими?

Бўлади. Улар учун алоҳида квоталар бугун-эрта эълон қилинади. Яъни ушбу филиаллар ҳам алоҳида ОТМдек алоҳида квота билан талабалар қабул қилади.

3. Нима учун ТДЮУнинг Тошкент вилоятидаги филиалига фақат Тошкент шаҳри ва вилояти пропискаси билан қабул қилинади?

 Ушбу филиалнинг бошқа филиаллардан фарқи унинг ихтисослаштирилганлиги бўлиб, у ҳуқуқбузарлик профилактикаси ва жамоатчилик тартибини сақлаш соҳаларига кадрлар етиштириб беришга ихтисослаштирилган олий таълим муассасасидир. Бир сўз билан айтганда, олий юридик маълумотга эга участка нозирлари, уларнинг ёрдамчилари, миллий гвардия ходимларини тайёрлайди. Участка нозири ўзи яшаб турган жойни яхши билиши мақсадга мувофиқ. Шу сабабли абитуриент Тошкент шаҳри ва вилоятидан бўлиши керак деган шарт қўйилган. Нега айнан Тошкент учун очилди бу филиал? Ҳозирда Тошкент шаҳри учун бундай кадрлар зарур, уларга эҳтиёж юқори. Чунки Тошкент – пойтахт, аҳоли кўп, мамлакатнинг юзи, туризм эшиги ва ҳоказо деган сабаблар кўрсатилди.

4. Абитуриентларга қоралама учун қоғоз нега атиги 1 варақ? Кўпайтиришнинг иложи борми?

Ушбу саволни берган муштарийлар бу ҳолатни талабанинг вақти ва асабларини исроф қилувчи, ҳуқуқларини поймол этувчи ҳолат деб баҳолашган. Масъуллар ҳам, ўз навбатида, қоралама учун қоғознинг атиги бир варақ бўлиши ва саволлар китобчасига бириктириб қўйилишида ноинсоф абитуриентларни айблашди. Абитуриентлар ушбу қоғозлардан бошқаларга мисолларини ечиб узатиш ёки қораламани шпаргалка сифатида бошқаларга қолдириб кетиш каби мақсадларда фойдаланиши сабабли шундай қилинишини айтишди. Аммо бу йил табиий ва техник фанлардан тест топширувчиларга яна бир варақ қўшимча, жами 2 варақ қоралама қоғоз берилар экан.

5. Квоталарнинг тиллар кесимида тақсимланиши қачон эълон қилинади?

Ўзбек, рус гуруҳларига қанчадан квоталар ажратилгани яқин кунларда маълум бўлади. Бу умумий қабул жараёнига жиддий таъсир ўтказмайди, шунинг учун ушбу кесимда квоталар номаълум бўлса ҳам, қабулни бошлайвериш мумкин деб қарор қилинган.

6. Имтиёзлар иккинчи, учинчи йўналишларга ҳам ўтадими?

Бу йил фанлар кетма-кетлиги бир хил бўлиши шарти билан уч йўналишга ҳужжат топшириш мумкин. Имтиёзлар ҳар уч йўналишга татбиқ этилади дейилди.

Факт: бу йил асосий квотадан ташқари жами 16 фоиз қўшимча квоталар бўлади:

5 фоиз ҳарбийларнинг фарзандларига;

5 фоиз ҳарбий хизмат ўтаб имтиёз олганларга;

3 фоиз ички ишлар ходимлари фарзандларига;

2 фоиз ногиронларга;

1 фоиз чин етимларга.

Фикрлар

Яндекс.Метрика