No icon

Банкоматлар нақд пуллардан уриб қолиши мумкинми?

Zarnews нашрида Гулчеҳра Бердиёрованинг пластик карталардаги пулни нақдлаштириб берувчи банкоматлар ишида носозликлар кузатилаётгани ҳақидаги мақоласи эълон қилинди. Қуйида ушбу мақола тўлиғича келтирилган.

Яқинда интернетда кўзим тушди —банкоматлар нақд пуллардан уриб қолаётганмиш! Шунақаси ҳам бўларканми, улар автоматлаштирилган машина-ку, одам бўлса экан, нима қилиб бўлса-да йўлини топса, деб ҳайрон бўлдим! Негаки, маош қўлга теккач, унинг маълум қисмини, албатта, нақдлаштириб олишга ҳаракат қиламиз. Ўзимиз вақт топмасак, бирор танишимиз ё ҳамкасбимиздан илтимос қиламиз, йўл-йўлакай пластик картангиздан пул ечиб келиб беради.

Бу хабарни дарҳол ҳамма таниш-билишларга йўлладим. Яқинларимнинг пешона терисига куйиб қолишларини истамадим-да! Маълумотларда банкоматлардан пул ечгач, уни, албатта, санаб олишни тавсия қилишганди. Асосан, каттароқ суммалардан пуллар кам чиқаётганмиш. Ердан топиб олсанг ҳам санаб ол, дейишади-ку! Огоҳ бўлган яхшида!

«Тиниб-тинчимаган одамлар-ей, нималарни ўйлаб топишмайди-я!» Кўнгилга ҳар хил гап-сўзлар келади, десангиз! Автомат бузуқ бўлса, умуман пул чиқармаслиги керак. У компьютерлаштирилган бўлса... Нега уриб қолади? Унда одамларнинг автомат машиналарга ҳам ишончи қолмайди-ку, буёғи қандай бўларкин?

Дўконларда пластик картадан баъзан битта нолни кўп ёзиб, 10 минг сўм ўрнига 100 минг, 5 минг ўрнига 50 минг адашиб уриб юборишади-ку, бу ҳам шундай ҳолатдир. Одамлар ўзлари хато қилишаётгандир, деб ўйлаб қолдим! Бундай эмас экан!

Мутахассислар бунинг сабабини топишибди. Маълум бўлишича, банкоматнинг купюралар солинадиган кассеталари ўрни алмашиб қолганмиш. Қаранг-а! Муҳими, уни кимдир алмаштириб қўйганми, ўзи ҳам алмашиб қолиши мумкинми—бу ҳақда маълумот йўқ!

Шаҳримизнинг қаерида банкомат қўйилган бўлса, ҳамиша одамлар билан гавжум бўлишига эътибор бергандирсиз! Демак, у ерга тез–тез ишимиз тушади. Ҳозир ҳам ўша ёққа бормоқчиман. Нақд пул зарур. Болаларим оромгоҳга кетяпти. Пулларни эса, албатта, битталаб санаб оламан!

Фикрлар

Яндекс.Метрика