No icon

Самолётда ухлаб қолган йўловчи унутиб қолдирилди

Канада аэропортларидан бирида кутилмаган воқеа содир бўлди. Маҳаллий авиакомпаниялардан бирининг борткузатувчилари самолёт қўнгандан сўнг салонда ухлаб қолган бир йўловчини сезмай ташлаб кетишган. Тифани Адамс исмли ушбу йўловчи қоронғу тушгач уйғонган ва салонда ўзидан бўлак ҳеч ким йўқлигини аниқлаган. 

Аёл дугонасига қўнғироқ қилиб, “даҳшатли” вазиятга тушиб қолганини айтмоқчи бўлганда телефон қувватсизланиб ўчиб қолган. Уни қувватлашнинг ҳам иложи бўлмаган, чунки самолётда электр таъминоти ўчиқ бўлган. Аёл ваҳимага тушган бўлса ҳам ўзини йўқотиб қўймаган, у учувчилар кабинасидаги рациялар орқали аэропорт ходимлари билан уланишга ҳаракат қилган, бироқ ускуналар ҳам ўчиқ бўлган. Шундан сўнг аёл иллюминатор орқали махсус факел ёрдамида SOS хабарини беришга уриниб кўрган.  

Охир-оқибат аёл қутқариб олинган, деб хабар берди Sky News нашри. Кейинроқ у авиакомпаниянинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида уни ҳали ҳам даҳшатли тушлар таъқиб қилаётганини ёзган. Авиакомпания ушбу ҳолат юзасидан ички тафтиш олиб бормоқда.

Манба: kun.uz  

Фикрлар

Яндекс.Метрика