No icon

Ҳайвондан одамга коронавирус ўтиши қайд қилинди

Нидерландияда норка – қоракузандан одамга коронавирус ўтиши ҳолати қайд қилинди. Коронавирусга қоракузанлар кўпайтирилувчи ферма ишчиси чалинган.

Бу ҳақда мамлакат қишлоқ хўжалиги вазири Карола Схаутеннинг парламентга мактубига таяниб Reuters ахборот агентлиги хабар берди. 

Мактубда касалланган ишчининг ҳолати маълум қилинмаган. 

Схаутен мактубда вазирликнинг коронавирус ҳайвонлардан одамларга ўтмаслиги ҳақидаги аввалги хабари хато бўлганини тан олган. Шу билан бирга у коронавируснинг ҳайвонлардан одамларга ўтиши хавфи минимал деб баҳоланишини қўшимча қилган.

Таъкидланишича, апрелда Нидерландиянинг Шимолий Брабант провинциясидаги қоракузан кўпайтирилувчи иккита фермадаги қоракузанларда коронавирус аниқланган. Ҳайвонларда коронавирус аломатлари, жумладан нафас олиш билан боғлиқ муаммолар ва юқори ўлим даражаси кузатилган.

Ўшанда ҳукумат ферма ишчиларида коронавирус аломатлари кузатилгани сабабли вирус қоракузанларга одамлардан юққан бўлиши мумкинлигини маълум қилган. Инфекциянинг тарқалишига йўл қўймаслик учун қоракузанлар ва чиқиндиларни фермадан ташқарига олиб чиқиш тақиқланган, фермалар жойлашган ҳудудларга кириш ёпилган. Бундан ташқари, шифокорлар қоракузанлар кўпайтирилувчи жойлар яқинида сайр қилмасликни тавсия қилишган. 

Фикрлар

Яндекс.Метрика