No icon

Испания, Португалия, Таиланд, Ж. Корея ва бошқа айрим давлатлар аҳолиси 2 баравар камайиб кетар экан!!!

Ер юзи аҳолиси 2064 йилда ўзининг энг юқори кўрсаткичига — 9,7 миллиард кишига етади, шундан сўнг улар сони аста-секин пасайиб, аср охирида 8,8 миллиард кишини ташкил қилади. Бу ҳақда Вашингтон штати университетидаги Соғлиқ кўрсаткичлари ва баҳоланиши институти (IHME) олимлари прогнозига таяниб BBC News хабар берди.

Қайд этилишича, тадқиқотчилар дунёдаги туғиш коэффициенти (бир аёл ҳаёти давомида дунёга келтира оладиган болалар сони) ўзгаришини таҳлил қилиб шундай хулосага келган. Хусусан, 1950 йилда бу кўрсаткич 4,7 бўлган бўлса, 2017 йилда икки барвар камайиб 2,4 ни ташкил этган.

Мутахассислар 2100 йилга келиб туғиш коэффициенти 1,7 гача тушиб кетишини прогноз қилмоқда. Олимлар агар ушбу коэффициент 2,1 дан тушиб кетса, Ер юзи аҳолиси қисқара бошлашига эътибор қаратган.

Маълумотларга кўра, Япония аҳолиси 2017 йилда ўз чўққисига эришиб, 128 миллион кишини ташкил қилган. IHME прогнозига кўра, аср охирига келиб Япония аҳолиси 53 миллион кишигача камайиб кетади. Италия аҳолиси эса шу давр ичида 61 миллион кишидан 28 миллион кишигача қисқаради. Шунингдек, аср охирига келиб Испания, Португалия, Таиланд, Жанубий Корея ва бошқа айрим давлатлар аҳолиси 2 баравар камайиб кетади.

Ҳозирда дунёда аҳолиси энг зич жойлашган Хитойда эса аҳоли сони 2024 йилга келиб максимумга етади ва 1,4 миллиард кишини ташкил қилади. Бироқ аср охирига келиб Хитой аҳолиси қарийб 2 баравар камайиб, 723 миллион кишини ташкил қилади. IHME прогнозига кўра, 2100 йилга келиб умумий ҳисобда 195 та давлатдан 183 тасида аҳоли сони қисқаради.

Олимларнинг изҳолашича, туғиш коэффициентининг пасайиши, биринчи навбатда, кўплаб аёллар таълим олиш ва ишлаш имконига тобора кўпроқ эга бўлаётгани, шунингдек, контрацепция воситалари кенг қўлланилаётгани билан боғлиқ.

Бундан ташқари, XXI аср охирига келиб кекса ёшлилар сони сезиларли даражада ортиб, болалар сони камайиб кетади. Хусусан, 5 ёшдан кичик болалар сони 2017 йилдаги 681 миллион нафардан 2100 йилда 401 миллион нафаргача камайиб кетади. 80 ёшдан катталар сони эса, аксинча, 2017 йилдаги 141 миллион нафардан аср охирида 866 миллион нафаргача ортади.

Тадқиқот муаллифларидан бири, профессор Кристофер Мюррей дунё аҳолиси ёш структурасининг бундай ўзгаришини «улкан ижтимоий ўзгариш» деб атамоқда. Унинг огоҳлантиришича, бу жаҳон иқтисодиёти учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Фикрлар

Яндекс.Метрика