No icon

Косонсойда «махлуқ» изидан: Воқеалар юз берган хонадонлар эгалари нималар дейишмоқда?

Наманган вилоятининг Косонсой туманидаги маҳаллаларда номаълум шахс хонадонларга кираётгани ҳақидаги овозалар бир ойдан бери тингани йўқ. «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев мазкур туманда бўлиб, мутасаддилар, тинчи бузилган хонадон эгалари билан учрашди ва мулоқотда бўлди.

«Бундай ҳолат аввал ҳам кузатилганди»

Фото: Ойбек Нарзуллаев

Тўтихон Камолова, Косонсой туманидаги «Ҳуррият-2» МФЙ раис ўринбосари:

— Бу шов-шувлар туманда дастлаб бизнинг маҳалладан бошланди. Қурбон ҳайитидан кейин, август ойининг илк кунларида. Фуқароларимиздан бири хонадонига номаълум шахс киргани ҳақида хабар берди. Кейин буни қўшни кўчада яшовчилар ҳам тасдиқлади. Ички ишлар ходимларини чақириб, улар билан бирга уйма-уй юриб, томларга чиқилди, навбатчиликлар ташкил этилди. Ҳозирча охирига етолганимиз йўқ, лекин 10 кундан бери тинчмиз, қайта мурожаатлар бўлмади.

Фото: Ойбек Нарзуллаев

Бундан уч йил аввал ҳам айнан шунга ўхшаш мурожаат бўлганди. У ҳам бир овоза бўлди, кейин ўз-ўзидан тинчиб кетди...

«Ҳеч қандай махлуқ ёки мавжудот эмас, қора футболка кийган одам эди»

Фото: Ойбек Нарзуллаев

Авазхон Тиллаев, Косонсой туманидаги «Ҳуррият-2» маҳалласи фуқароси:

— Бу воқеа бизга қўшни хонадонда юз берди. Эгалари кўчиб кетишган, биз қараб турамиз. Уйдагилар бизнинг ҳовлидаги айрим нарсалар қўшни хонадонга олиб чиқиб қўйилганини айтганидан сўнг улар қўрқмасин деб қолдим. Эртасига тахминан соат 18:00 атрофида, аср намозидан сўнг кўчага чиқдим. Шунда «қўшни уйда кимдир юрибди» деб хабар беришди, ичкарига кирганда мен ҳам қадам товушларини эшитгандек бўлдим. Шошиб ўртадаги дарчадан қўшни уйга ўтдим. Шунда у гилос дарахтидан томга чиққанини кўрдим.

Фото: Ойбек Нарзуллаев

Ҳеч қандай махлуқ ёки мавжудот эмас, қора футболка кийган, ўртача жуссали одам эди. Ортидан пастга тўкилиб ётган олмаларни ҳам отдим. Ерга сакрагандек бўлди, югуриб ташқарига чиқсам, ҳеч зоғ йўқ, кетиб бўлган экан.

Фото: Ойбек Нарзуллаев

Ҳозир вазият тинч, аммо уйдагиларда, айниқса, аёлларда қўрқув бор. Ўзим ҳайдовчиман, лекин уларни хавотирга солмаслик, далда бўлиб туриш учун ишга ҳам чиқмаяпман.

«Маҳалламизда йил бошидан бери жиноят содир этилмаган»

Фото: Ойбек Нарзуллаев

Абдуқодир Ҳамроев, Косонсой туманидаги «Обод» МФЙ раис ўринбосари:

— «Ҳуррият-2» маҳалласидан сўнг бу миш-мишлар бизда тарқалди. Ҳудудда 5 минг нафардан ортиқ аҳоли яшайди. Ўз номи билан обод, тинч жойлар, йил бошидан бери жиноят қайд этилгани йўқ.

Фото: Ойбек Нарзуллаев

Номаълум шахс ёки махлуқни кўрдим деб ҳушидан кетган келинчакнинг хонадонига ИИБ ходимлари билан бордик, тун қоронғисигача текширдик, суриштирдик. Чордоқларга чиқилди, ертўлалар кўздан кечирилди. Шу қизимиздан бошқа киши уни кўрмаган, ўзи ҳам аниқ таърифлаб беролмаяпти, чунки кучли ҳаяжон, зўриқишда бўлган. Бироқ хотиржамликка берилганимиз, назоратни сусайтирганимиз йўқ. Аҳолини саросима ва хавотирга солиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатга зудлик билан муносабат билдиришга ҳаракат қиляпмиз.

«Ҳовлимиздаги хоналардан бирига кирилган ва ғаладонлар остин-устун қилинган»

Фото: Ойбек Нарзуллаев

Иброҳим Усмонов, Косонсой туманидаги «Обод» маҳалла фуқароси:

— Бундан икки ҳафтача олдин соат 17:55 да турмуш ўртоғим қўнғироқ қилиб, нима таом тайёрлашни, қачон келишимни сўради. Гаплашиб, жавобимни айтиб бўлганимдан сўнг 20 дақиқа ўтиб, қўшни хотин телефон қилди ва аёлим ҳушсиз ётганлигини айтди. Мен уйга кириб келганда тез тиббий ёрдам ҳам етиб келган ва шифокорлар турмуш ўртоғимни ўзига келтиришга уринаётган экан.

Фото: Ойбек Нарзуллаев

Аёлимнинг айтишича, мен билан гаплашиб бўлганидан сўнг икки ойлик қиз чақалоғимиз ётган коляска томон борганида коляскадан 2 метр чамаси наридаги усталар ишлатадиган ёғоч «эшак»нинг устида жунли бир махлуқни кўрган. У қизалоғимга қараб, қандайдир имо-ишоралар қилган ва шундан сўнг хотиним ҳушидан кетган. Кўчада ўйнаб юрган ўғлим ҳовлига кирганидан сўнг ойисининг бу ҳолатини кўриб, қўшни аёлни чақириб келган.

Фото: Ойбек Нарзуллаев

Ҳовлимиздаги хоналардан бирига кирилган ва ғаладонлар остин-устун қилинган, шкаф эшиклари очилган. Қизиқ томони, ғаладонда турган иккита янги телефонга тегилмаган. Шундан кейин сўриток орқали томга чиқиб, қочиб кетган деб тахмин қиляпмиз.

Фото: Ойбек Нарзуллаев

Ички ишлар ходимлари уйга келиб, ҳолатни ўрганиб, суриштирув ишларини олиб боришди.

Фото: Ойбек Нарзуллаев

Шу воқеадан сўнг дарвозага ва ҳовлимизга кузатув камералари ўрнатдим. Эртароқ шу ишни қилганимда барчасига аллақачон ойдинлик киритган бўлар эканмиз. Ҳозир турмуш ўртоғимнинг ҳолати яхши, фақат ўша кунги ҳодисаларнинг таъсири, асоратлари барибир билиниб турибди...

Фото: Ойбек Нарзуллаев

«Жинлар ҳақидаги беҳуда гап-сўзлар динимизда қораланган»

Фото: Ойбек Нарзуллаев

Қодирхон Азизов, Косонсой тумани бош имом-хатиби:

— Инсоният пайғамбаримиз суннатлари, умматга тавсия этилган кундалик зикр ва тасбеҳлардан узоқлашса, шундай ғайритабиий нарсаларга ишонувчанлик кайфияти кучаяди. Туманимиздаги бундай ҳолатлар ҳақида биз ҳам кўп эшитдик. Уларнинг аксарияти аниқ-тиниқ маълумотлар эмас, тахмин гаплар. Киши ўзи билмаган ва кўрмаган, далил-исботи йўқ нарсалари ҳақида гапириши шаръан жоиз эмас. Инсонда қўрқув бўлса ҳар бир шарпадан хавотирланиши табиий. «Қўрққанга қўша кўринар» деб бежиз айтилмаган.

Жинлар ҳақида кўп гапириляпти. Пайғамбаримиз даврларидан бери ҳеч ким жинни кўрмаган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам бундай гап-сўзларни қоралаганлар. Турли зиён-заҳмат ва хаёлотлардан сақланиш учун эса динимизда тавсия этилган сура, оят ва дуоларни ўқиб юриш кифоя.

«Дастлабки гумонланувчиларимиз ҳам бор, ҳозир шу йўналишда ишлаяпмиз»

Фото: Ойбек Нарзуллаев

Шуҳрат Юсуфжонов, Косонсой туман ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғи:

— Аҳолини ташвишга солаётган мазкур ҳолат дастлаб «Ҳуррият-2» маҳалласида кузатилди ва у ерга тергов-тезкор гуруҳи чақирилди. Воқеа жойи ўрганилди, фуқаролардан кўрсатмалар олинди. Бизга бир нарса халақит беряпти — мурожаат бўлаётган жойларда ҳаддан ташқари кўп одам тўпланмоқда. Бундай вазият из олиш ёки қандайдир ашёвий далилларни қўлга киритишда муаммо туғдиради.

Суриштирувлар натижасида аён бўляптики, шов-шувларга сабаб бўлаётган нарса ғайритабиий мавжудот ёки махлуқ эмас. Олинган излар бу одам эканлигини кўрсатмоқда. Дастлабки гумонланувчиларимиз ҳам бор, ҳозир шу йўналишда ишлаяпмиз. Тез орада бунинг натижалари ҳақида маълумот берамиз, деган умиддаман.

Фикрлар

Яндекс.Метрика