No icon

Хорижий автомобильларга белгиланган давлат божи нима сабабдан қиммат?

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида 5 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Ўзавтосаноат» АЖ раиси ўринбосари Азиз Шукуров хорижий автомобильларни Ўзбекистонга олиб кириш учун белгиланган давлат божи нима сабабдан қиммат эканлигига изоҳ берди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Севара Нишонова хабар берди.

«Агар давлат божи арзонлаштирилса, бозорга хорижий ишлаб чиқарувчилар эркин кириб келади. Биз 200—250 минг автомобиль ишлаб чиқарамиз, Volkswagen эса 10 миллионта автомобиль ишлаб чиқаради. Кимнинг маҳсулоти зўрроқ бўлади, кимнинг маҳсулотининг таннархи яхшироқ бўлади?

Мана халқаро тажрибадан мисол келтирадиган бўлсак, АҚШда электромобиллар ишлаб чиқарувчи Tesla компанияси 2013 йилда литий-ионли  аккумуляторлар ишлаб чиқарувчи Gigafactory’ни қуришни режалаштираётганини маълум қилди. Илон Маскнинг эълонидан сўнг Gigafactory ўз ҳудудида қурилишига эришиш учун олтита штат губернатори ўртасида кураш бошланди. Курашда Невада штати ғалаба қозонди. Сабаби ушбу штат Tesla’га 1,4 миллиард доллар миқдорида солиқ имтиёзини тақдим этди. Бу эркин савдо, бизнесда тенг ҳуқуқлиликни илгари сурадиган Америка Қўшма Штатларида кузатилган ҳолат.

Шунинг учун, хорижий автомобилларга давлат божини туширишда ўта эҳтиёткор бўлиш зарур. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳар доим ҳимоя қилиш керак», — дейди Азиз Шукуров.

Фото: «Дарё»

«Ўзавтосаноат» раиси ўринбосарининг фикрига кўра, Япония ва АҚШ каби ривожланган мамкалатлар ҳам ўз вақтида монополия туфайли ўсган.

«Агар Жанубий Корея, Япония ва бошқа ривожланган мамлакатлар тарихига назар ташласак, улар кучли компаниялар, монополия ортидан ривожланганини кўриш мумкин. Мен монополия яхши ёки ёмон демайман, шунчаки ҳар қандай давлат бу босқичдан ўтган» — дейди «Ўзавтосаноат» раиси ўринбосари.

Фикрлар

Яндекс.Метрика