No icon

Бугун дунё тарихида нималар юз берган?​

1996 йил. Темурийлар тарихи давлат музейини ташкил этиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди. Ҳозирда мазкур музейнинг довруғи жаҳонни лол қолдирмоқда. Тошкентга хориждан келган сайёҳлар мамлакатимиз билан танишувни шу музейдан бошлайди.

1937 йил. Ўзбекистон халқ шоири Барот Бойқобилов таваллуд топган кун. Унинг “Кун ва тун” шеърий қиссасида Бобурнинг бадиий образи ўзбек адабиётида илк бор намоён бўлди. Кейинчалик Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишланган “Шукуҳли карвон”, “Нотинч Хуросон”, “Сокин Хуросон” ва “Қонли Хуросон” достонлари эълон қилди. Барот Бойқобилов ўзбек шеъриятида соньет жанрининг равнақ топишига катта ҳисса қўшди.

1997 йилдан буён Францияда спорт матбуоти бирлашмаси ташаббуси билан спорт журналистлари байрами нишонланади. Сабаби 1924 йил 14 мартда Парижда ҳозирда деярли юзлаб миллат журналистларини бирлаштириб турган Спорт матбуот бирлашмаси ташкил этилган.

Бугун уйқучиларни ҳам байрами. Чунки Бутунжаҳон уйқу куни байрам қилинади. Илк бора бу байрам 2008 йилда нишонланган. Шундан буён ҳар йили туш ва саломатлик муаммолари бўйича Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти лойиҳаси бўйича уйқу куни ўтказилади.

1870 йил. Франциялик Никола Кюнё буғ автомобилини яратди. Аммо конструкцияси мукаммал бўлмагани учун оммалашмади. 1885 йил 5 майда немис муҳандиси Карл Бенс бензинда юрувчи двигателли биринчи автомобилни яратди.

1879 йил. Чинакам даҳо, илм-фан оламининг етук вакили бўлган Альберт Эйнштейн таваллуд топган.

Атом бомбаси келтириб чиқарган оқибатлардан қаттиқ ўкинган Эйнштейн алам билан: “Агар бу қилган ишим нима билан тугашини олдиндан билганимда, яхшиси соатсоз уста бўлардим!” деган экан. У ростдан ҳам урушни кўрарга кўзи йўқ эди.

Унинг яна бир фикри бунга исбот бўла олади: “Инсоният 3-Жаҳон уруши пайтида қандай қуроллар билан бир-бирини ҳалок этишини билмадим. Лекин аниқ биламан, 4-Жаҳон урушида улар тошдан ясалган болта ва тўқмоқлар билан жанг қиладилар”, деган эди. Тинчликка нима етсин?..

1911 йил. Тожик шоири, драматург Деҳотий Абдусалом Пирмуҳаммадзода туғилган. У “Пирмуҳаммадзода”, “Навқалам”, “Ҳардамхаёл”, “Деҳотий” каби тахаллуслар билан ижод қилган. Деҳотий Абдусалом тожик халқ оғзаки ижодига оид “Тожик халқ юмори” (1938) китоби ҳамда ўзбек шоирлари ҳақида “Жунайдулла Махдум Ҳозиқ”, “Буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий” каби мақолалар муаллифи. Абдулла Қаҳҳорнинг “Шоҳи сўзана”, Б. Раҳмоновнинг “Юрак сирлари” драмалари, Муқимий, Ҳ. Олимжон, Н. Ҳикмат шеърларини тожик тилига таржима қилган.

1928 йил. АҚШ космонавт-учувчиси Борман Френк таваллуд топган кун. У “Жеминай-7” космик кемасида ер атрофида 206 марта айланди. “Аполлон-8” космик кемасида эса Ой атрофида 10 марта айланган биринчи космонавт.

Фикрлар

Яндекс.Метрика