No icon

Деҳқон қандай ҳолда пенсия олишга ҳақли бўлади?

«Norma» МЧЖ эксперти Зафаржон Хўжаев деҳқонларга пенсия тайинлаш қоидалари ҳақида гапирди, деб ёзмоқда ЎзА.

– Киши қишлоқ жойда яшаб, доим қишлоқ хўжалигида банд бўлади – қорамол, сабзавот, мева ва ҳ.к. етиштиради. У қандай ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлади?

– Ўзбекистоннинг барча фуқаролари қатори, шахсий ёрдамчи хўжаликларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (деҳқончилик, чорвачилик, балиқчилик маҳсулотлари) етиштириш билан шуғулланадиган кишилар:

• 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган тақдирда;

• 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – ягона ижтимоий тўлов тўлаган тақдирда пенсия таъминотига ҳақли бўладилар («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 37-моддаси).

– У бунинг учун қандай ҳужжатларга (меҳнат дафтарчаси, маълумотномалар, буйруқлардан кўчирмалар ва ҳ.к.) эга бўлиши керак?

– Одатда, ўз томорқаларида ишловчиларда меҳнат дафтарчалари бўлмайди. Шу сабабли улар яшаш манзили бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилганда:

• солиқ органлари томонидан берилган СТИР расмийлаштирилганлиги тўғрисида маълумотнома нусхаси;

• паспорт нусхаси;

• меҳнат ва жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси (агар мавжуд бўлса);

• фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини (деҳқончилик, чорвачилик, балиқчилик маҳсулотлари) етиштириш билан бандлиги тўғрисида маълумотномани тақдим этишлари керак (Низомнинг 19-банди, ВМнинг 22.02.2016 йилдаги 46-сон қарорига 1-илова).

– Қишлоқ хўжалиги ишлари билан банд бўлган кишиларнинг меҳнат стажи ва иш ҳақи қандай ҳисобга олинади?

– Бундай ходимларга:

• 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – бир йилда ЭКИҲнинг камида 4,5 баравари миқдорида суғурта бадаллари тўланган тақдирда;

• 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – бир йилда ЭКИҲнинг камида 1 баравари миқдорида ягона ижтимоий тўлов тўланган тақдирда, пенсия тайинлаш учун иш стажига тўлиқ календарь йили қўшиб ҳисобланади (Солиқ кодексининг 311-моддаси; 252-сон Низомнинг 46-банди).

Бундан ташқари, пенсия тайинлаш чоғида суғурта бадаллари ва ЯИТ тўланган иш стажи камида 7 йилни ташкил этиши керак (Қонуннинг 8-моддаси).

– Пенсия тайинлаш пайтида муайян имтиёзлар қўлланадими?

– Афсуски, юқорида айтилганларидан ташқари, бошқа қўшимча имтиёзлар назарда тутилмаган.

– Қишлоқда ишловчи киши келгусида пенсия олиш учун қандай тадорик кўриши зарур?

– Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари (1.01.2019 йилгача) ва ЯИТни (1.01.2019 йилдан кейинги давр учун) ўз вақтида ва белгиланган миқдорларда тўлаб бориши лозим.

Шуни ёдда тутиш керакки, суғурта бадалларининг энг кам миқдори ва ЯИТ тўлаш иш стажини ҳисоблаш ҳуқуқини беради. Бироқ кўпроқ пенсия олиш учун уларнинг миқдори камлик қилади.

МИСОЛ. 2019 йилда 1 ЭКИҲ миқдорида ЯИТ тўланган тақдирда 2019 йилда йиллик даромад 1 689 416,67 сўмни (202 730 х 100 / 12) ташкил этади, бунда 12% – фермер хўжаликлари учун ЯИТ ставкаси. Бунда ўртача ойлик иш ҳақи 140 784,7 сўмга (1 689 416,67 / 12) тенг бўлади. 2019 йил 1 январдан пенсияни ҳисоблаш учун 10 ЭКИҲдан ортиқ бўлмаган ўртача ойлик иш ҳақи, яъни 2 027 300 сўм қабул қилинади. Тегишинча, ўртача ойлик иш ҳақи ушбу суммага мос келиши учун тўланадиган бадал миқдорини ошириш лозим.

10 ЭКИҲ тўланса, йиллик даромад 16 894 166,67 сўмни (2 027 300 х 100 / 12) ташкил этади. Бунда ўртача ойлик иш ҳақи 1 407 847,22 сўмга (16 894 166,67 / 12) тенг бўлади. 15 ЭКИҲ тўланса, у ҳолда йиллик даромад 25 341 250 сўмни (3 040 950 х 100/12) ташкил этади. Бунда 2 111 770,83 сўм (25 341 250 сўм / 12) ўртача ойлик иш ҳақи оламиз.

Фикрлар

Яндекс.Метрика