No icon

Абитуриентмисиз? Унда буни ўқишингиз шарт!

Олий таълим муассасаларига қабул жараёни, тест синовларидаги янгиликлар ҳақида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази директори ўринбосари Қаҳрамон Ҳақбердиев ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.

Абитуриентлар учтагача бакалавриат таълим йўналишида танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 14 майдаги “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан янги ўқув йили қабулидан бошлаб абитуриентларга олий таълим муассасасига ўқишга киришда мувофиқ келувчи фанлар мажмуаси бир хил бўлган учтагача бакалавриат таълим йўналишида танловда иштирок этиш ҳуқуқи берилди. Таълим йўналишларини танлашда нечта олий таълим муассасаси (1, 2 ёки 3 та), жуғрофик жойлашуви аҳамият касб этмайди. Масалан, 3 та таълим йўналиши 1 та, 2 та ёки 3 та олий таълим муассасасидан танланиши, олий таълим муассасалари абитуриент яшайдиган ҳудудда ёки Тошкент шаҳрида ёинки вилоятларда жойлашган бўлиши мумкин. Бироқ танлашда бажарилиши, эътибор берилиши шарт бўлган томонларини қайд этиб ўтамиз.

Таълим йўналишларини танлашда тест синови топширилувчи фанлар мажмуаси (фанлар кетма-кетлиги, баҳолаш мезонлари) бир хил бўлиши лозим. Абитуриент томонидан таълим йўналишларига устуворлик белгиланади. Тўплаган баллари миқдори биринчи устуворлик берилган таълим йўналишига хоҳ давлат гранти, хоҳ тўлов-контракт бўйича тавсия этишга етадиган бўлса, иккинчи ва учинчи таълим йўналишлари бўйича танловда иштирок эта олмайди. Агар биринчисига етмай, иккинчисига етса, демак, учинчи таълим йўналиши бўйича танловда иштирок эта олмайди.

Агар абитуриент тест синови натижалари (баллари) танланган таълим йўналишларининг биринчисига тўлов-контракт асосида, иккинчисига давлат гранти бўйича етадиган бўлса, у биринчи устуворлик берган таълим йўналишига тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилади, иккинчисига давлат гранти бўйича эмас.

Ташкилий жиҳатларнинг кўп вақт ва куч талаб қилиши, абитуриентлар сонининг кескин ортиши муносабати билан 2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовлари июль-август ойларида ўтказилади.

Абитуриентлар қандай тўловни амалга оширади?

2019 йилги тест имтиҳонларидан бошлаб ўтган йилги ёки ундан олдинги йилги тест синовларидан ўта олмай бу йил яна ҳужжат топшираётган абитуриентлар учун энг кам иш ҳақининг ярим баравари миқдорида тўловни амалга ошириш таклиф қилинмоқда. Учта таълим йўналишини танлаган абитуриентлар бир марталик тўловни амалга оширади. Абитуриентлар орасида тушунмовчилик бўлмаслиги учун алоҳида қайд этиш керакки, 3 таълим йўналиши танланган бўлса-да, тўлов миқдори ўзгармайди, энг кам иш ҳақининг 50 фоизи.

Жорий йилда мактаб, лицей ёки коллежни битирган абитуриентлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва тўлиқ давлат таъминотида бўлганлар учун тўлов қўлланмайди.

Тест синовларига тўловнинг жорий этилиши амалда тайёргарликсиз келаётган, билимсиз ва ноқонуний мақсад билан иштирок этаётган абитуриентлар сонининг ва тест синовлари жараёнида ўзгадан ёрдам олиш ёки ёрдам бериш ҳолатларининг камайишига олиб келади. Ушбу ҳолат хорижий мамлакатларда кенг тарқалган бўлиб, олий таълим муассасалари томонидан ўтказиладиган тест синовларида жорий этилган.

Абитуриентлардан тушган тўловлар тест синовларини янада сифатли ва қулай шароитларда ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни молиявий таъминлашга йўналтирилиши режалаштирилган. Белгиланган тартиб қоидага мувофиқ, абитуриентнинг тест синовида тўплаган баллари ҳақидаги маълумот тест синови ўтказилган куннинг эртасига, унинг талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган танлов натижаси тест синовларини ўтказиш жараёни тўлиқ якунлангандан кейин бир ҳафта муддат ичида Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.

2019/2020 ўқув йили қабулидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган давлат олий таълим муассасаларига бакалавриатга ўқишга кириш учун абитуриентлар Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилади.

2020/2021 ўқув йилида янги имкониятлар жорий этилади

2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб тест фанлари мажмуаси икки бўлимга ажратилиб, 1-бўлимга барча тест топширувчи абитуриентлар учун мажбурий 3 та фан – она тили (ўзбек тили, қорақалпоқ тили, рус тили), математика ва Ўзбекистон тарихи, 2-бўлимга даъвогарлик қилинаётган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фан киритилади. Мажбурий фанлар бўлимидаги тест топшириқлари соддалаштирилган бўлиб, абитуриентларнинг умумий саводхонлиги ва таянч билимларини баҳолашга йўналтирилади.

Энди абитуриент доимий истиқомат қиладиган жойида тест синовини топшириш имкониятига эга. Абитуриентга ўзи рўйхатдан ўтадиган, аниқроғи, доимий истиқомат қиладиган жойида ёки иш юзасидан бошқа вилоятда бўса ҳам унга тест синовида иштирок этиш имконияти берилиши мумкин. Бу ортиқча вақт, маблағ сарфланишининг, сарсонгарчиликларнинг олдини олади. Тест синовлари ўтказилиши учун вилоят марказидан катта сиғимдаги бинолар танлаб олинади ва амалдаги талабга кўра тайёрланади.

Келгусида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларнинг маъмурий марказларида тест синовларини ўтказиш мақсадида катта сиғимли бино ва иншоотлар қурилади.

Тест синови саволларида ўзгариш бўладими?

Жорий йилдан бошлаб саволларга хариталар, графика қўшилади. Саволлар дарсликлар бор бўлган маълумотлар асосида тузилмоқда. Яъни яхши ўқувчи мактаб дарслигида тарихдан атлас ва контур харита ҳақида маълумоти бўлиши керак. Бу режа ДТМнинг тест дастурида азалдан бўлган, шу пайтгача техник имкониятлар етарли бўлмагани, чоп этишдаги имкониятнинг чеклангани учун бундай саволлар киритилмаган.

2019/2020 ўқув йили олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш қабул тест синовларига тайёргарлик кўриш учун таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органлари томонидан тавсия этилган дарсликлардан фойдаланиш мумкин. Тест топшириқлари амалдаги тартибга биноан умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг умумтаълим фанлари ўқув дастурларига мувофиқ тузилади. Жорий йилда тест синовларига тайёргарлик кўришда фойдаланишга тавсия этилган дарсликлар билан биргаликда ўқув дастурларида ўрганиш назарда тутилган айрим бадиий адабиётлар келтирилган. Тест топшириқларига ушбу бадиий адабиётлардан тузилган саволлар ҳам киритилади.

Шунингдек, тест топшириқлари ҳар йили камида уч маротаба экспертизадан ва апробациядан ўтказилади. Тест синовларини ўтказиш жараёнида ҳар бир таълим йўналиши бўйича барча абитуриентлар учун бир хил мураккабликдаги тест топшириқлари китоблари шакллантирилади, бир хил талаб ва шароит бўлади.

Миллий ёки халқаро сертификатга эга абитуриентга имтиҳонларсиз максимал балл берилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда миллий ҳамда халқаро баҳолаш тизими сертификатларини татбиқ қилиш тўғрисида” 2019 йил 13 майдаги қарори бўйича мазкур қарор ўзида чет тилини билиш даражаси бўйича тегишли сертификатга эга бўлган абитуриентларни қўллаб-қувватлаш ва 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда миллий ҳамда халқаро баҳолаш тизимлари сертификатларини татбиқ қилиш, шунингдек кириш синовларида белгиланган имтиёзларни (миллий ёки халқаро сертификат олинган чет тили фанидан тест синовисиз максимал балл берилишини) акс эттирган.

2019/2020 ўқув йилида чет тиллари асосий фан сифатида киритилган бакалавриат таълим йўналишлари учун миллий сертификат ёки халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари В2 ва ундан юқори даража белгиланди.

2019/2020 ўқув йилида чет тиллари асосий фан сифатида киритилмаган бакалавриат таълим йўналишлари учун миллий сертификат ёки халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари В1 ва ундан юқори даража белгиланди.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб тест синовлари (касбий (ижодий) имтиҳон) мажмуасига чет тили фани киритилган барча (асосий ёки асосий бўлмаган фан эканлигидан қатъи назар) бакалавриат таълим йўналишлари учун миллий сертификат ёки халқаро имтиҳон тизимлари бўйича тилни билиш даражалари В2 ва ундан юқори даража татбиқ этилади.

2019 йилга қадар Давлат тест маркази томонидан берилган миллий сертификатнинг имтиёзи ушбу сертификатларнинг амал қилиш муддати даврида сақлаб қолинди.

Бакалавриат таълим йўналишларига мос тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси, баҳолаш мезонлари, тест топшириқлари сони, тест синовларини ўтказишнинг аниқ муддатлари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланади.

Сиртқи таълим шакли учун ҳам имтиёзлар борми?

Сиртқи, кечки таълим йўналишларида таҳсил тўлов асосида амалга оширилади, шуларни ҳисобга олсак, давлат гранти асосида ўқиш ҳуқуқини берувчи имтиёзлар ушбу таълим турларига татбиқ этилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 апрелдаги қарори асосида амалдаги тартибга киритилган ўзгаришларга мувофиқ олий таълим муассасалари бакалавриатининг сиртқи таълим шаклига ўқишга қабул қилиш Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган кириш тест синовлари ёки олий таълим муассасаларида ўтказиладиган кириш имтиҳонлари (касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон) орқали танлов асосида амалга оширилади. Сиртқи таълим олишни ҳоҳловчи абитуриентлардан меҳнат стажи талаб қилинмайди.

Агар Давлат комиссиясининг қарорига кўра сиртқи таълим шакли қабули учун Давлат тест маркази томонидан тест синовлари ўтказиладиган бўлса, 3 та таълим йўналишини танлаш имконияти сиртқи таълим шакли учун ҳам татбиқ этилади.

Соҳа янгиликларига доир саволлар бўлса call center ташкил этилган

Давлат тест марказида Call center ташкил этилган, унга 1195 қисқа рақам орқали мурожаат қилиш, дарҳол жавоб олиш имконияти мавжуд.

Сайтимизни кузатишда давом этинг. ОТМларга қабул жараёнлари бошланиши ҳақида батафсил маълумот берамиз.

Муҳайё ТОШҚОРАЕВА, ЎзА

Фикрлар

Яндекс.Метрика