No icon

Интернет эркинлиги бўйича Ўзбекистон нечанчи ўринда?

Freedom House ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти Интернет эркинлиги бўйича навбатдаги йиллик рейтингини нашр қилди. Рейтинг Freedom on the Net 2019 деб номланган. Ўзбекистон тадқиқот ўтказилган ва рўйхатда қайд этилган 65 мамлакат орасида 58-ўринни олган. У янги рейтингда Покистон ва Саудия Арабистони орасида жойлашган. Бир йил олдин Ўзбекистондаги Интернет эркинлиги бирмунча эркинроқ деб баҳоланган ва бу йил ўзи ортда қолган мамлакатлар – Миср, Эфиопия ва Венесуэладан олдинда эди.

Мамлакатлар уч жиҳатга кўра баҳоланган: Интернетга кира олиш имконияти, маълумотларнинг чекланиши ва фойдаланувчилар ҳуқуқининг бузилиши. Рейтингда Исландия етакчилик қилиб турибди, унинг ҳисобида 95 балл бор. Иккинчи ўринда ўтган йилги етакчи Эстония 94 балл билан жойлашган. 87 балл берилган Канада бир йил аввалгидек учинчи ўринни сақлаб қолган.

Ташкилот ҳисоботида қайд этилишича, Ўзбекистонда Интернетда эркин фикр билдириш учун кичик тирқиш пайдо бўлганига қарамай тармоқ ҳалигача қатъий назорат остида қолмоқда. Қайд қилиш керакки, кўплаб халқаро оммавий ахборот воситалари ва ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг сайтларига кириш имконияти тикланди (аммо ҳаммасига эмас!). Бу деярли 15 йиллик мустақил танқидчиларнинг овозини бўғиш сиёсатига нуқта қўйди.

Ҳужжатда қайд қилинишича, Ўзбекистонда Интернетга уланиш тезлиги ҳамон нисбатан пастлигича қолмоқда. Фойдаланувчилар ёмон сифатли алоқа ва унинг тез-тез узилиб қолишидан азият чекади. Speedtest ташкилоти маълумотларига кўра 2019 йил май ойида мамлакатда Интернетдан маълумотларни юклаб олишнинг ўртача тезлиги сониясига 14,37 Мбитни (дунё бўйича 131-ўрин), Интернетга маълумот юклашнинг ўртача тезлиги эса сониясига 9,77 Мбитни (дунё бўйича 129-ўрин) ташкил қилган.

Freedom House ҳисоботида келтирилишича, 65 мамлакатдан 33 тасида Интернет эркинлиги ёмонлашган. Судан ва Қозоғистондаги вазият нисбатан кўпроқ ортга кетган. Шу билан бирга 16 та давлатда вазият бир қадар яхшилангани қайд этилган. Уларнинг орасида энг яхши натижага эришгани Эфиопия бўлган. Қизиғи, ҳатто АҚШда ҳам Интернет эркинлиги билан боғлиқ вазият ёмонлашган. Хитой кетма-кет тўртинчи йил “Интернет эркинлигининг энг ёмон бузувчиси” бўлган.

Манба: Sof.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика