No icon

Пандемия даврида болалар иммунитетини яхшилаш учун нималарга эътибор бериш лозим?

Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова АОКА залида ташкил этилган брифингда ҳозирги кунда болалар иммунитетини кўтариш учун нималарга эътибор бериш лозимлиги ҳақида маълумот берди.

Мутахассис мактаб ўқувчиларидаги иммунитет заифлигига кўпинча витаминлар танқислиги, ёмон уйқу ва доимий психологик стресс сабаб бўлиши, витаминлар танқислигини тўғри овқатланишни ташкил қилиш йўли билан олдини олиш мумкинлигини таъкидлади. Ўқувчилар орасида пала-партиш овқатланувчи болаларнинг сони йилдан йилга ортиб бораётгани, яримтайёр таомлар кўпинча болаларга зарур бўлган витамин ва минералларни овқатдан олишига тўсқинлик қилишини билдирди.

7 ёшдан 12 ёшгача бўлган даврда боланинг танасида бир вақтнинг ўзида ўсиш ва ўрганиш вазифалари турганини унутмаслик керак. Бу эса ота-онадан алоҳида эътибор талаб этади. Бола кунига камида 4 марта овқатланиш керак. Агар болада озғинлик ёки ортиқча вазн бўлса, шифокор маслаҳати зарур. Спорт билан шуғулланадиган ўқувчининг овқатланиши жисмоний машқлар ҳажми ҳисобга олган ҳолда тузилиши талаб этилади.

Йодланган туз истеъмол қилиш, сув ичиш режимига амал қилиш ва овқатланиш рациони витаминларга бой бўлиши керак. А витамини билан бойитилган сабзи ва ширин картошкани, цитрус мевалари ва брокколи C витамини ҳамда грипп ва нафас йўлларининг юқумли касалликларига қарши курашишда ёрдам берадиган E витаминига бой ёнғоқ, албатта, болалар рационида бўлиши мақсадга мувофиқ.

Тўғри овқатланишни ташкил қилишдаги биринчи қадам овқатланиш маданиятига риоя қилишдир. Нонушта, тушлик, кечки овқат мунтазам ва жадвалга мувофиқ бўлиши керак. Мактаб ёшидаги болаларининг организми маълум ритмларга мослашади. Шунинг учун ухлаш, овқатланиш, ўйнаш, юриш ва машқ қилиш учун вақт топиш жуда муҳимдир. Иммунитетни яхшилаш учун болани ёшлигиданоқ режимга кўниктириш лозим. Турли ёшлар бўйича эрталаб туриш, тушлик қилиш, уй вазифасини бажариш ва ётишга тавсия этилган вақт меъёри мавжуд.

Барно Абдусаматова, Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси 

Шунингдек, Абдусаматова кичик мактаб ёшидаги бола кечқурун соат 21:00 да ётиши ва эрталаб соат 7:00 да туриши кераклиги, каттароқ ўқувчилар эса соат 22:00 да ётишлари мумкинлигини, тўлиқ кунлик дам олиш иммунитетга ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлади. Уйқу пайтида бола организмидаги метаболизм тезроқ бўлади, шунинг учун болалар бу соатларда яхши ўсади. Уйдаги ижобий психологик микроиқлим болалар саломатлигининг муҳим шартидир. Мактаб ўқувчисининг психологик ҳолатини барқарорлаштиришнинг энг яхши усуллари сифатида дўстлар билан яхши мулоқотда бўлиш, севимли машғулотлари билан шуғулланиш, ота-оналар билан фильм томоша қилиш, ўйин ўйнаш ва саёҳат қилиш кабиларни санаб ўтди.

Манба: daryo.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика