No icon

Коронавируснинг энг янги аломати юзага чиқди ва...

Эшитиш қобилиятининг ўзгариши коронавирусни юқтирганликдан далолат бериши мумкин. Бу ҳақда Лондон университет коллежи ва Қирол миллий қўмитаси олимларига таяниб «Express» хабар берди.

Қайд этилишича, COVID-19 аниқланган бир қанча беморлар тиннитусдан шикоят қилишган. Бу ҳеч қандай ташқи стимулсиз қулоқлардаги шовқин ёки жаранглашдир. Бундан ташқари, коронавируснинг оғир кўриниши билан касалланган ҳолатларда мазкур аломат келгусида эшитиш қобилиятининг бутунлай йўқолишига олиб келган.

Шу муносабат билан олимлар шифокорларни беморларнинг эшитиш қобилиятидаги ҳар қандай ўзгаришга эътиборга беришга ва COVID-19 ташхиси қўйилганда уларни даволаш учун тегишли чоралар кўришга чақиришди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, тиннитус бошқа касалликларга ҳам ҳамроҳ бўлиб келади. Шу боис мазкур белги коронавируснинг бошқа кенг тарқалган аломатлари билан қўшилиб келганда жиддий ташвишланишга сабаб бўлади.
***
Айтганча, Германияда коронавирус инфекцияси чақирган пневмонияни стационар шароитда даволаш тахминан 10,7 минг еврога тушади. Ушбу маълумотлар COVID-19 беморлари шифохонада даволанганда кетадиган харажатларни ҳисоблаб чиққан суғурта компанияси ахборотида келтирилган, дея хабар берди «Deutsche Welle». Шу билан бирга, агар тиббиёт ходимлари ўпкани сунъий вентиляция қилиш аппаратидан фойдаланмаса, муолажа 5 минг еврога тушади. Борди-ю, ушбу техникага зарурат туғилса, нарх-наво 38,5 минг еврога кўтарилиб кетади. Бу ҳақда Германия давлат суғурта фондлари ассоциацияси вакили маълум қилган.

«Barmer» компаниясининг таъкидлашича, ўпкани сунъий вентиляция қилиш аппаратига улаш шарт бўлмаса, беморни стационар шароитда даволашга 6,9 минг евро сарфланади. Агар қўшимча тиббий асбоб-ускуналар муҳим деб топилса, хизмат нархи 31,7 минг еврога кўтарилади.

Қайд этилишича, ўпкани сунъий вентиляция қилиш аппарати касалликка чалинганларнинг 14 фоизига зарур бўлмоқда. 2020 йил 18 октябрь соат 22:30 ҳолатига кўра, Германияда жами коронавирусга чалинганлар сони 364 303 кишига етган. 9860 нафар бемор ҳаётдан кўз юмди. 290 000 киши касалликдан фориғ бўлди.
 

Фикрлар

Яндекс.Метрика