No icon

Туркманистон касалхонасига кўрпа ва ўтин билан бориш керак

Туркманистоннинг Лебап ва Тошҳовуз каби вилоятларидаги қишлоқ турғунлари хаста бўлишганида, иложи бўлса, касалхонага бормасликларини сўзлаб беришди. Уларга кўра, вилоятлардаги соғлиқни сақлаш муассасалари беморларга ёрдам беришга ожиз.

Лебап вилоятининг Дарганта туманида шифохонага ётқизилган беморлар ўзлари билан ҳатто ўтин ва кўрпа олиб келишлари керак.

Аҳолининг таъкидлашича, улар ўзлари овқатланишлари керак, чунки маҳаллий касалхоналар овқатланиш учун ҳеч нарса таклиф қилмайди.

Шунингдек, Туркманистон қишлоқларидаги аксар касалхоналарда замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари ёки дори-дармон етишмайди.

Касаллар керакли дори-дармонларни ҳам ўзлари олиб келишлари ёки ўзларига керакли дориларни олиш учун шифокорларга пора беришлари керак.

Қишлоқ аҳолиси касалхоналардаги ачинарли аҳвол туфайли шифокордан керакли рецептларни олиб, дорихоналардан дори-дармонларни ўзлари харид қилиб, уйда қолмоқдалар.

Тиббий инъекцияларни талаб қиладиган беморлар кўп ҳолатларда ҳақ эвазига уйга ҳамшира чақирадилар.

Аммо ишсизлик ва қашшоқлик кенг тарқалган Туркманистонда ҳамма ҳам бундай қилишга қодир эмас.

Оғир кун кечирувчи туркманистонликларнинг Озодликка айтишларича, қариндош ёки қўшнилардан укол қилишни сўраш одатий ҳолга айланган – улар тегишли тиббий экспертизага эга бўлмаса ҳам.

Мамлакатда нотўғри юборилган инъекция туфайли беморлар касал юқтирган ёки жиддий асоратларга йўлиққан кўплаб ҳолат кузатилган.

10 ноябрь куни Лебап вилоятидаги Озодлик мухбири «Одамлар бу хавфли амалиёт эканлигини биладилар, лекин улар (маҳоратли мутахассисга) бериш учун пуллари йўқлиги сабабли барибир шу йўлга борадилар», - дея хабар қилди.

Аммо ҳеч ким давлат шифохоналаридаги оғир аҳвол ҳақида очиқчасига шикоят қилмайди ёки давлат мулозимларини танқид қилмайди. Сабаби Туркманистоннинг авторитар ҳукумати танқидчилар ва мухолифларга шафқатсиз тазйиқ ўтказади.

Туркманистонда расман тиббий хизмат бепул. Давлат томонидан молиялаштириладиган тиббий суғурта давлат касалхоналарида даволанишни қамрайди.

Сўнгги 10 йил ичида Туркманистон замонавий касалхоналар ва диагностика марказларини қуриш учун миллионлаб доллар сарфлади.

Давлат оммавий ахборот воситаларида мамлакатнинг асли касби тиш доктори бўлган президенти Гурбангули Бердимуҳамедов замонавий тиббиёт муассасаларининг очилиш маросимларида қатнашгани ҳақида тез-тез хабар берилади.

Аммо ҳақиқат давлат томонидан тақдим этилаётган манзарадан кескин фарқ қилади. Янги иншоотлар кўпинча бўш қолади ёки тўлашга қодир бўлган оз сонли элиталарга хизмат қилади.

Қурби етадиган туркманистонликлар одатда чет элда даволанишади. Кўплаб туркманистонлик ёш авлод тиббиёт ходимларига, хусусан, мамлакатнинг ўзида жойлашган тиббиёт мактабларида таҳсил олган мутахассисларга ишонмайди.

Сўнгги ойларда коронавирус юқтириш қўрқуви аҳоли орасида Туркманистон соғлиқни сақлаш тизимига нисбатан эҳтиёткорликни янада оширди.

Аксарият туркманлар ҳукуматнинг мамлакатда биронта ҳам COVID-19 юқтириш ҳолати йўқлиги ҳақидаги иддаосига ишонмайди.

Фикрлар

Яндекс.Метрика