No icon

Энг талабгир бўлган коронавирусга қарши вакциналар рейтинги тузилди

Дунёда ишлаб чиқарилаётган коронавирусга қарши вакциналар харидларнинг аксарияти Буюк Британиянинг AstraZeneca компанияси томонидан яратилган вакцинага тўғри келмоқда. Бу Airfinity Ltd тадқиқот компанияси ва Оксфорд университети маълумотлари асосида тузилган Bloomberg рейтингидан маълум бўлди, деб ёзмоқда «РБК».

Агентликнинг таъкидлашича, AstraZeneca вакцинасининг 40 фоизидан кўпроғи ёки 2,4 миллиард дозаси ўрта ва кам даромадли мамлакатларга тўғри келади. Таққослаш учун: Қўшма Штатлар ушбу препаратнинг 300 миллион дозасини, Европа мамлакатлари 505,3 миллион дозасини буюртма қилган. AstraZeneca вакцинасининг ўртача самарадорлиги 70 фоизни ташкил этади ва самарадорлиги 95 фоиз бўлган АҚШнинг Pfizer ва Moderna компанияларининг вакциналарига қараганда паст.

Bloomberg’нинг ёзишича, бундай талаб AstraZeneca вакцинасининг арзонлиги билан боғлиқ. Компания пандемия пайтида вакцинадан фойда кўришни мўлжалламаслигини ва препарат учун нархни 4—5 доллар қилиб белгилашини маълум қилган. Таққослаш учун, АҚШ учун Pfizer вакцинасининг дозаси 19,5 долларни ташкил этади (иккала компонентнинг қабул қилиниши 39 долларга тушади), Moderna вакцинасининг нархи эса 32—37 долларни ташкил этади.

Агентликнинг қайд этишича, AstraZeneca вакцинасининг яна бир катта устунлиги мавжуд. Уни музлатгич ҳароратида сақлаш мумкин, Pfizer ва Moderna вакциналари эса паст ҳароратни талаб қилади. Масалан, Pfizer Цельсий шкаласи бўйича минус 70 даражада сақланади.

Коронавирусга қарши вакцинага берилган буюртмалар сони бўйича иккинчи ўрин АҚШнинг Novavax компаниясига тегишли (1,4 миллиард доза, шундан 160 миллиони АҚШда, 100 миллиони Европада), учинчи ўриндан Johnson & Johnson (1,3 миллиард доза, шундан 430 миллиони АҚШда, 300 миллиони Европа мамлакатларида) компанияси жой олган.

Россиянинг «Sputnik V» вакцинаси 537,4 миллион доза буюртма билан рейтингда еттинчи ўринда турибди. Ушбу вакцинани Европа давлатлари ва АҚШ сотиб олмайди. Россияда коронавирусга қарши иккита вакцина — «Sputnik V» ва «EpiVacCorona» рўйхатдан ўтган. Мамлакатда вакциналарнинг рўйхатдан ўтгандан кейинги синовлари кўнгиллилар иштирокида олиб борилмоқда.

Ишлаб чиқарилиши Ҳиндистон ва Бразилиядаги фармацевтика компаниялари билан келишилган «Sputnik V» вакцинасининг Россиядаги нархи кейинги ҳафтада эълон қилинади. Вакцинани яратишга ҳомийлик қилган Россия тўғридан-тўғри инвестиция жамғармасининг маълумотларига кўра, унинг нархи Pfizer ва BioNTech (1,1 миллиард доза буюртма, Bloomberg рейтингида бешинчи ўрин) ёки Moderna (778,2 миллион доза, олтинчи ўрин) вакциналари нархидан «анча паст» бўлади. Moderna вакцинасининг бир дозаси нархи 25—37 долларни ташкил қилади. Reuters маълумотларига кўра, Pfizer ва BioNTech компаниялари вакцинасининг дозаси, агар Европа Иттифоқи 300 миллион дозани 4,6 миллиард еврога сотиб олса, 18,3 долларни ташкил қилади.

Дунёда бундай дориларни ишлаб чиқарувчи йирик компаниялардан бири бўлган Ҳиндистон зардоблар институти мутахассисларининг фикрига кўра, Ернинг барча аҳолисини икки компонентли вакциналар билан эмлаш учун 15 миллиард доза вакцина талаб қилинади. «Фармацевтика компаниялари ушбу миқдордаги вакциналарни 2024 йилгача ишлаб чиқариши мумкин», — деди ташкилот ижрочи директори.

Манба: daryo.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика