No icon

Ўзбекистонда шахсий автомобиллари сони 3 083 849 тани ташкил қилмоқда...

Ўзбекистон жисмоний шахсларнинг автомобиллари сони 2020 йил 1 октябрь ҳолатига 3 083849 тани ташкил қилмоқда. Сенат матбуот хизматининг маълум қилишича бу ҳақда 27 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмита йиғилишида ички ишлар вазири ўринбосари Азизбек Икромов маълум қилди.

Йиғилишда 2018—2022 йилларда Ўзбекистонда Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш концепцияси ижроси бўйича амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот берилган. Қайд этилишича, жисмоний шахсларга тегишли бўлган автотранспорт воситаларининг энг кўпи Тошкент шаҳри (487 507 та), Самарқанд вилояти (366 558 та) ҳамда Тошкент вилояти (299 801 та) ҳудудларига тўғри келмоқда.

Вазир ўринбосарининг маълум қилишича, Ўзбекистон ҳудудида 42 869 километр узунликдаги йўллар мавжуд. Шундан халқаро аҳамиятдаги йўллар 3993 километрни, давлат аҳамиятидаги йўллар 14 203 километрни, маҳаллий аҳамиятдаги йўллар эса 24 673 километрни ташкил қилади.

Республикадаги йўл-патруль хизмат масканларида давлат рақамини аниқловчи камералар 91 та, кузатув камералари 95 та, онлайн режимда ишловчи фоторадарлар 183 та, чорраҳалардаги қоидабузарликни аниқловчи камералар 386 та, кузатув камералари эса 1154 тани ташкил қилади.

2020 йилнинг 9 ойи давомида республика бўйича ҳудудий Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмалари томонидан 182 010 та давлат рақами берилган. Шундан 157 274 таси умумий тартибда, 24 463 таси оширилган нархда – аукцион орқали ҳамда 273 таси харидоргир, яъни буюртма асосида берилган. Давлат бюджетига 2020 йилнинг 9 ойи давомида 196,7 миллиард сўм маблағ туширилган.

Шунингдек, Давлат йўл ҳаракати хавфсизлик хизмати томонидан 2020 йилнинг 9 ойи давомида 27 116 та жисмоний ва юридик шахсларга туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали автотранспорт воситаларига рухсатнома берилган. Шу вақт давомида республика бўйича жорий 2 092 847 та транспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилган. Шундан 600 700 таси техник ҳолати белгиланган хавфсизлик талабларига жавоб бермагани сабабли аниқланган камчиликлар бартараф этилгунига қадар фойдаланиш учун тақиқланган.

Фикрлар

Яндекс.Метрика