No icon

MMA жангчиси Мурод Хонтўраев пичоқлаб кетилди

26 ноябрь, душанба куни соат, тахминан, 14:30 ларда Тошкентдаги «Тошкент савдо маркази» (собиқ «Туркуаз») яқинида MMA жангчиси Мурод Хонтўраев пичоқлаб кетилди, деб хабар беради «Газета.uz».

Қайд этилишича, спортчи айни дамда Шайхонтоҳур туманидаги Тошкент шаҳар 1-сонли клиник шифохонасига ётқизилган.Таъкидланишича, Хонтўраевнинг 2 жойига (сони ва кўкрак қафаси атрофи) пичоқ билан шикаст етказилган ҳолда соат 15:00 ларда шифохонага олиб келинган.

Ҳозирда унинг аҳволи қониқарли баҳоланмоқда. Спортчига ҳужум қилганлар шахсига эса аниқлик киритилганича йўқ. Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277—моддаси (безорилик) 2-қисми бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, Мурод Хонтўраев жорий йилнинг 21 июнига ўтар кечаси Юнусободдаги тунги клубда рўй берган можаро иштирокчиси бўлган, у кўкрак қисмига пичоқ билан берилган зарбадан жароҳат олганди. Кейинроқ шифохонадан ҳуқуқ-тартибот органларига сўроқ бериш учун олиб кетилган, суд ҳукми билан қамоққа олинганди.

Суд уни Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми «а» банди («такроран ёки хавфли рецидивист томонидан безорилик содир этилиши») бўйича айбдор деб топган («Осиё айиғи» лақаби билан машҳур Мурод Хонтўраев илгари ҳам судланган).

Аввалига унга 3 йиллик қамоқ жазоси хавф солаётганди. 12 октябр куни жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани судида Мурод Хонтўраевга жарима тарзидаги жазони қўллади. Спортчи энг кам иш ҳақининг 94 баравари миқдорида жарима (16 190 560 сўм) тўлаб, озодликка чиқди.

Маълумот учун, Мурод Хонтўраев 1987 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У Тошкентдаги Плеханов номли Россия иқтисодиёт университети филиали учинчи курс талабаси ҳам ҳисобланади. Оилали ва икки нафар фарзанди ҳам бор.

Фикрлар

Яндекс.Метрика