No icon

Электрнинг ўчирилиши энергия ва газ истеъмолига қўйилган лимитлар билан боғлиқ бўлиб чиқди

Ўзбекистон туман ва шаҳарларида электр таъминотининг ўчирилиши электр энергияси истеъмолига нисбатан ўрнатилган чекловлар билан боғлиқ. Бу ҳақда «Ўзбекэнерго» вакили «Газета.uz»га маълум қилди. Ўз исмини ошкор қилишни истамаган компания бўлими бошлиғи сўзларига кўра, чекловлар Иқтисодиёт вазирлиги томонидан ҳисоблаб чиқилади ва ўрнатилади. Истеъмол учун чекловлар иссиқлик электр станцияларида электр токи ишлаб чиқарилишига асос бўлувчи ёқилғи-мойлаш материаллари учун ҳам амал қилади.

«Электр энергияси истеъмоли учун бир кунлик лимитни истеъмолчи икки ёки уч соатда сарфлаб қўйиши мумкин. Истеъмол нормадан ошиб кетмаслиги керак. Ошиб кетса, бу электр узатиш линиялари юкламаси ошиб кетишига ва станцияларда электр энергия узатиш тўхтаб қолишига олиб келади. Трансформаторлар бундай юкламани бажара олмайди. Юклама пасайтирилиб, узатиш қайта тикланмагунича электр таъминоти бўлмайди», — деди манба.

Газдан меъёрдан ошиқ фойдаланиш тавсия этилмайди, аммо электр токини ўчириш ҳам мумкин эмас, чунки халқ норози бўлади, деди компания вакили. «Агар биз электр энергиясини лимитдан ошиқ ишлаб чиқармаганимизда, узилишлар 8—9 эмас, балки 20 соатдан давом этган бўларди», — дея аниқлик киритди у. Нашр суҳбатдоши ўрнатилган лимитлар ҳақидаги маълумот билан бўлишди.

Ҳудуд Электр энергияси истеъмоли лимити Лимитдан ташқари истеъмол Лимитдан ташқари истеъмол %
Фарғона вилояти 426 млн кВт/соат 12 млн кВт/соат 2,8%
Қашқадарё вилояти 433 млн кВт/соат 23 млн кВт/соат 5,3%
Самарқанд вилояти 390 млн кВт/соат 11 млн кВт/соат 2,8%
Хоразм вилояти 118 млн кВт/соат 1,5 млн кВт/соат 1,3%

Аввалроқ «Ўзбекэнерго» Хоразмда 26—ноябрь, душанба куни узоқ вақт мобайнида электр таъминоти узилиб қолишига «Хоразм» станциясидаги йирик авария сабаб бўлганини маълум қилган эди.

Фикрлар

Яндекс.Метрика