No icon

Наманган вилоятида обуна ўтган йилга нисбатан 90 фоизга тушиб кетди

Наманганда обуна ўтган йилга нисбатан 90 фоизга тушиб кетди. Бу ҳақда «Turon 24» хабар бермоқда. «Ўзбекистон почтаси» АЖ Наманган филиали обуна бўлими бошлиғи Баҳром Бойдадаевнинг айтишича, газета-журналларга обуна кўрсаткичи ўтган йилги ҳолатнинг ўртача 10 фоизини ташкил этмоқда. Жорий йилнинг 25 ноябрь ҳолатига кўра, марказий нашрларга 3 916, маҳаллий нашрларга эса 6 194 нусха обуна бўлинди.

Бу ўтган йилнинг шу кундаги ҳолати билан таққослаганда, мос равишда марказий нашрларда 32 855 дона (11,9 фоиз) ва вилоят нашрларига 64 853 дона (9,6 фоиз)ни ташкил этган.

«Ўзбекистон почтаси» АЖ Наманган филиали бошлиғи Илҳомжон Тўхтабоев буни асосан мажбурий обуна кўринишларига барҳам берилаётгани билан изоҳламоқда. Лекин масаланинг бошқа жиҳатлари ҳам бор. Почтанинг оғир иқтисодий аҳволи ва таҳририятларга обуна маблағини вақтида беролмаётгани сабабли обунани ўз кучи билан уюштираётган таҳририятлар ҳам кам эмас.

Фото: «Turon 24»

«Йил бошида тиражимиз 5 336 дона бўлган эди, шундан деярли 4 мингтасини ўзимиз ҳаракат қилиб обуна бўлишни амалга оширдик, — дейди Тўрақўрғон туман ҳокимлиги газетаси муҳаррири Зоҳида Кенжаева. — Шунда ҳам туман нашрлари орасида почтадан энг кўп ҳақдор газета муҳаррири бўлсам керак. Ҳозирда салкам 40 миллион сўм пулимиз шу ташкилотда «чўкиб» ётибди. Бу ўз-ўзидан ходимларга маош тўлаш, босмахона билан ҳисоб-китоб қилиш ва бошқа жараёнларга таъсирини кўрсатмай қолмайди».

Зоҳида Кенжаеванинг сўзларига кўра, почта ҳисобида турган пул маблағини ололмаётгани сабаб обуна мавсуми олдидан почтага «Газетамга обуна уюштирманглар, керак эмас» деб расман хат ҳам юборган. Икки йилча аввал «Матбуот тарқатувчи» билан ҳам шундай муаммолар юзага келавергани учун алоқани тўхтатган. Почта томони унинг хатига муносабат ҳам билдирмаган. Ҳозирда таҳририят ўз кучи билан ташкил этган обуна 1000 донага ҳам етмади.

«Ўзбекистон почтаси» АЖ Наманган филиали бош ҳисобчиси Ўрмонжон Эгамов ташкилотнинг бугунги кунда маҳаллий нашрлардан 600 миллион сўмга яқин қарздорлигини билдирди: «Бу қарздорлик янги йилга қолмай бартараф этилади. Буни ҳисоб-китобини қилганмиз. Таҳририятларни қийнаб қўйганимиздан ўзимиз ҳам хижолатдамиз».

Фото: «Turon 24»

«Ўзбекистон почтаси» АЖ Наманган филиали бошлиғи Илҳомжон Тўхтабоевнинг айтишича, филиалдаги муаммоларнинг бир учи соҳада молиявий барқарорликни таъминлаб келган пенсия тарқатиш ҳозирда Халқ банкига берилгани бўлса, яна бири ички текширувлар давомида аниқланган қарийб 3 миллиард сўм атрофидаги камомаднинг таъсири бўлмоқда. Ҳозирда бу ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Пенсия тарқатиш қўлимиздан чиқиб кетди деб қўл қовуштириб ўтирганимиз йўқ. Коммунал тўловлар бўйича электр, газ, сув корхоналари билан шартномалар тузганмиз, қолаверса, почта, пул жўнатмалари бор. Обуна бўйича ҳам ўзимиз хизматларимизни таклиф қилиб, баннер, буклетлар тайёрладик, — дейди Илҳомжон Тўхтабоев. — Таҳририятлар билан юзага келган муаммолар 2019 йилда такрорланмайди. Филиалимизнинг 181 та бўлинмаси газета-журналларни ўз вақтида эгаларига етказишга тайёр. Нашрларга обуна декабрь ойида жонланиб қолади, деган умиддаман».

Наманган шаҳар ҳокимлигининг «Наманган садоси» газетаси муҳаррири Комилжон Файзиев ҳам шундан умидвор. Ҳозирча нашрга 500 дона атрофида обуна тўпланган:

«Режамиз бу кўрсаткични ҳеч бўлмаса 5 минг донага чиқариш, шунда газета йил охиригача муаммоларсиз чоп этилиши мумкин. Аслида бу рақам аҳолиси 500 минг кишидан ошадиган вилоят маркази учун кам. Олдинлари ҳам фармойиш ёки тақсимотларга таяниб қолмай, ходимлар билан ҳаракат қилганмиз, корхона-ташкилотларга чиққанмиз. Бу йил ҳам шундай бўляпти».

Фото: «Turon 24»

Намангандаги 50 дан ортиқ нашрнинг охирги умиди маҳаллий почтада йил якунида молиявий ҳолатнинг ўнгланиши, қолаверса, декабрда обунанинг жонланиши бўлиб турибди.

Фикрлар

Яндекс.Метрика