No icon

Магнитогорскда 8 кишини қутқарган юртдошимиз тақдирланди

2019 йилнинг 5 февраль куни Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги бош консулхонасида (Россия) ўзбекистонлик фуқаро Оламафруз Абдуллаев билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ хабар бермоқда.

Сурхондарё вилоятида туғилган ҳамюртимиз ўтган йилнинг 31 декабри тонгида Магнитогорск шаҳридаги турар-жой биноси портлашидан кейин ёрдамга шошилган биринчи инсонлардан бири бўлиб, қутқарувчилар келгунга қадар ўз ҳаётини хавф остига қўйиб бино қолдиқлари орасидан саккиз кишини қутқаришга муваффақ бўлганди.

Унинг беғараз ва қаҳрамонона ҳаракати Россия матбуоти томонидан кенг ёритилди ва ватандошимиз жасорати ҳамда ўзгалар қайғусига бефарқ эмаслиги таъкидланди.

Бош консулхонадаги учрашувга Россияда вақтинчалик бўлиб турган ҳамюртларимиз, жумладан, олий таълим муассасалари талабалари, шунингдек, Свердловск вилоятидаги ўзбек диаспораси раҳбари Зокир Аллабергенов ҳам таклиф этилган.

Учрашув якунида Оламафруз Абдуллаевга Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири номидан қимматбаҳо совға ва мамлакатнинг Екатеринбург шаҳридаги бош консулхонаси фахрий ёрлиғи топширилди. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси томонидан унинг 7 февралда учиб кетиши учун Екатеринбург-Тошкент рейсига бепул чипта ажратилди.

Манба: kun.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика