No icon

Абитуриентларнинг 55 фоизи мутахассислик фани бўйича 50 балл ҳам тўплай олмаган

Олий ўқув юртларига кириш учун 2018 йилда тест топширган абитуриентларнинг тўплаган баллари таҳлил қилинганда, тест топширган 600 мингдан ортиқ абитуриентнинг 55 фоизи асосий мутахассислик фани (физика, кимё, математика, биология, география) бўйича 50 балл ҳам тўплай олмаган. Бу ҳақда Сенатнинг 18-ялпи мажлисида сенатор Зайниддин Низомхўжаев маълум қилди, дея хабар бермоқда «Kun.uz».

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари бўйича қўмитаси раиси Зайниддин Низомхўжаевнинг айтишича, ўқувчиларнинг ўзлаштиришига салбий таъсир кўрсатаётган асосий омиллардан бири — дарсликларнинг талаб даражасида яратилмаганлигидир. «Дарсликларни давлат таълим стандарти ва ўқув дастурлари талаблари асосида ўқувчиларнинг ёши, ақлий, физиологик ва психологик ривожланиш даврига мувофиқ тайёрланишида қатор муаммолар бор», — дейди у.

Таъкидланишича, айни пайтда дарсликларни яратишга оид норматив-ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш талаб этилмоқда. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 22 ноябрдаги 548-сонли қарори билан дарсликларни танлов асосида танлаб олиш тартиби ишлаб чиқилган бўлиб, унда танлов комиссиясига келиб тушган дарсликларни кўриб чиқиш ва баҳолаш тўғрисидаги ахборотнинг сир сақланиши белгиланган.

«Бу эса, яратилаётган дарсликлар лойиҳаларини шаффоф баҳолаш, кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш, ўқитувчиларнинг, ота-оналарнинг, тегишли эксперт ва бошқа мутахассисларнинг ҳаққоний, холис муносабатини билиш имконини бермайди. Мазкур қарор билан тасдиқланган низомларда муаллифлар таркибини танлашнинг аниқ регламенти ишлаб чиқилмаган, дарсликлар лойиҳалари юзасидан эксперт хулосасини бериш муддати эса қисқа», — дейди сенатор.

Дарсликларнинг тендер савдолари орқали ғолиб бўлган турли нашриётларда нашр этилиши, ўқув материалининг узвийлиги, уйғунлиги ва изчиллигини, шунингдек фанлараро алоқанинг боғлиқлигини таъминламаяпти. Оқибатда, бу дарсликларда бир-бирини рад этадиган хулосалар, мавҳумликлар ва номувофиқликларнинг кўпайишига олиб келмоқда. Ушбу ҳолатлар дарсликларнинг шошма-шошарлик билан тайёрланишига, оқибатда, уларнинг кўплаб хатоликлар ва номутаносибликлар билан нашр этилишига олиб келмоқда.

Умумий ўрта таълимнинг ўқув дастурлари таянч ўқув режага номувофиқ равишда, амалиёт билан боғланмаган ҳолда ишлаб чиқилганлиги кузатилди. Ўқув дастурларини тайёрлаш бўйича аниқ мезон ва талабларнинг (дастурларни яратиш даврийлиги, масъуллар, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ва ҳоказолар) ишлаб чиқилмаганлиги, амалда уларнинг тез-тез ўзгартирилишига, янгиларининг яратилишига ҳамда ўқув дастурларини муаллифнинг ўзи томонидан яратилишига сабаб бўлмоқда.

«Аксарият ҳолларда дарсликларнинг назариётчи олимлар томонидан яратилиши, ушбу жараёнга тажрибали мактаб ўқитувчиларининг жалб этилмаслиги, улардаги айрим мавзулар ва топшириқларни ўта мураккаблашиб, оғир ва илмий услубда ёзилишига олиб келган. Бу эса, нафақат ўқувчи, балки ўқитувчи учун ҳам қийинчиликларни келтириб чиқармоқда», — деб фикр билдирган қўмита раиси.

Умуман олганда, дарсликларни тайёрлаш ва нашр этиш борасида мустаҳкам қонунчилик асосларининг яратилмаганлиги, амалдагилари ҳам тўлиқ бажарилмаётганлиги дарсликларда кўплаб хатоликлар ва номутаносибликларни келтириб чиқараётгани маълум қилинди. Умумтаълим мактаблари дарсликларининг давлат таълим стандарти талаблари асосида тайёрланиши ҳолати тўғрисида Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосарига парламент сўровини юбориш ташаббуси илгари сурилди ва сенаторлар томонидан маъқулланди.

Фикрлар

Яндекс.Метрика