No icon

Мажбурий обуна ортидан ихтиёрий обуна ҳам йўқ бўлиб кетмоқда...

Бугун, 12 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан «Очиқлик ва демократияни таъминлашда босма нашрларнинг роли» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.  Давра суҳбатида депутатлар, марказий босма нашрларда фаолият юритаётган журналистлар ва соҳа мутахассислари иштирок этди. Тадбирда ОАВ соҳасидаги ишларни янада ривожлантириш учун қонунчиликнинг истиқболларини белгилаш масалалари муҳокама қилинди.

«Мажбурий обунага барҳам бериш ишлари доирасида ихтиёрий обуна ҳам йўқ бўлиб кетмоқда. Бу ҳолатдан биз ҳам ҳавотирдамиз. Йиллар давомида ўз ўрнига эга бўлган босма нашрларларнинг яшаб қолишини хоҳлаймиз. Қандай йўл билан уларни қўллаб-қувватласак бўлади, деган масала бизни анчадан бери қийнамоқда. Биз бугунги кун талабидан келиб чиқиб босма нашрларни кўпроқ қўллаб-қувватлаш керак, деб ўйлаймиз. Чунки, неча йиллик ўз тарихига эга, ўринига эга айрим нашрларимиз бугун чиқмаяпти. Бу эса яхши эмас», — дейди давра суҳбатида сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев.

Шунингдек, депутат вазирликлар, юқори ташкилотлар муассислигида ташкил этилган босма нашрлар фаолиятини ҳам қайта кўриб чиқиш лозимлигини айтиб ўтди:

«Вазирликлар, ташкилотлар бошқа дунё, уларнинг нашрлари бошқа дунё. Уларнинг орасида чуқур жарлик юзага келган. Ўрганишлар давомида ушбу муаммога қандай барҳам бериш юзасидан вазирлар билан суҳбатлашдик. Улар мутлақо бошқача фикрда.

Вазирлик ва идоралар ўзлари ташкил этган газета 100 фоиз ўша ташкилот тарғиботи билан шуғулланиши керак, деган фикрда.

‘Нашр мени реклама қилмаса, унинг менга нима кераги бор?’ деган масала ҳам кўтарилмоқда. Бир томондан муассис нуқтайи назаридан қараганда бу фикр тўғридир. Лекин қонунан тўғри эмас. Биз ОАВни муассисдан холи равишда ижодий эркин тарзда фаолият юритади, деб кафолат беряпмизда, барибир нашрни муассиснинг қўлига ташлаяпмиз. Муассиснинг дунёқараши умуман бошқача. Ўзининг нашри билан иши бўлмаган муассисга бундай нашрни нима кераги бор, ўзи? Бундай ҳолда муассис нашрдан кечиши керак ёки таҳририят муассисни ўзгартириши керак. У нашрнинг минглаб аудиториясини ҳеч ким ўйламаяпти».

Депутатнинг фикрича, мажбурий обунага қарши кураш ортидан ўқитувчилар ўзлари учун керакли нашрга ҳам обуна бўла олмаяпти:

«Айрим мактабларда мажбурий обунани йўқ қиламиз деб, ихтиёрий обунани ҳам йўқ қилиб қўйдик. Ўқитувчилар истаса ҳам газеталарга обуна бўлолмаяпти. Бунга ўзим гувоҳ бўлдим ҳудудларда. Мендан сўрашяпти ‘Маърифатга обуна бўлсак майлими? Бизга керак шу. Ўзимизнинг методик материалларимиз чоп этилади шу газетада. Обуна бўламиз десак, йиғилиб бу мажбурий обуна деб бошқача кампания бошланяпти’ деб.

Баъзан сочни оламиз деб, бошни олиб юборяпмиз», — дейди депутат.

Фикрлар

Яндекс.Метрика