No icon

Ўзбекистонликлар кўпроқ 3 нафар фарзандли бўлишни хоҳлашмоқда...

“Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази “Фуқароларнинг репродуктив қарашлари, репродуктив саломатлик ва репродуктив ҳуқуқ ҳақидаги жамоатчилик фикри” мавзусида сўров ўтказди.

Ундан кўзланган асосий мақсад мамлакатимиз фуқароларининг репродуктив қарашлари, “репродуктив саломатлик” ва “репродуктив ҳуқуқ” тушунчалари ҳақидаги тасаввурларини аниқлаш, фуқароларнинг оилани режалаштириш ва аҳоли саломатлигини сақлаш масалаларидан хабардорлик даражасини ўрганишдан иборатдир. Сўровда юртимизнинг барча фуқаролари – республикамизнинг барча вилоятларидаги турли аҳоли қатламлари вакиллари, барча ёшдаги хотин-қизлар ва эркаклар, турли миллат ва дин вакиллари иштирок этди.

Жамиятимизда оила муносиб авлодни тарбияловчи муҳим ижтимоий институт мавқеига эга бўлиб, фарзандлар энг муҳим ҳаётий неъматлардан бири, бахтли ва мустаҳкам оиланинг зарур шарти ҳисобланади. Аксарият сўров қатнашчилари (73,9 фоиз) фарзанд – оила мазмуни ва оиланинг энг асосий бойлиги, деган фикрга қўшилади.

Сўровда фуқароларнинг оилада фарзандлар сонига доир истаклари ҳам аниқланди. Масалан, кўпчилик ўзбекистонликлар оилада уч нафар (35 фоиз аҳоли) ёки тўрт нафар (30,8 фоиз) фарзанд бўлишини хоҳлайди. Сўралганларнинг 13,2 фоизи оилада беш нафар ёки ундан кўпроқ фарзанд кўриш тарафдори. Булар асосан Сурхондарё вилояти (34,8), Хоразм вилояти (19 фоиз) ва Қашқадарё вилоятида (18,8 фоиз) истиқомат қилувчи фуқаролардир.

 

Тадқиқот шуни кўрсатди, Ўзбекистоннинг аксарият оилаларида кейинги фарзанднинг туғилиши ҳақидаги қарор эр-хотин томонидан биргаликда қабул қилинади ва бу уларнинг оиладаги болалар сони ҳақидаги қарашларига асосланади. Сўров иштирокчилари онанинг соғлом бўлиши (22,5 фоиз аҳоли) ҳамда оиланинг моддий аҳволи (21,7 фоиз аҳоли) кейинги фарзанднинг туғилишида муҳим омиллардан деб ҳисоблайди.

 

Тадқиқот, шунингдек, аҳолининг “репродуктив саломатлик” ва “репродуктив ҳуқуқ” каби тушунчалардан етарли даражада хабардор эмаслигини кўрсатди – 37,2 фоиз сўров иштирокчилари “репродуктив саломатлик” тушунчаси билан танишмисиз, деган саволга тасдиқ жавобини берган ва респондентлар 23 фоизининг “репродуктив ҳуқуқ” тушунчасидан хабари бор. Сўров бу масалада асосан ёшларнинг етарли даражада хабардор эмаслигини аниқлади: 

18-19 ёшдаги сўров қатнашчилари орасида фақат 19,1 фоизигина “репродуктив саломатлик”, 10,6 фоизи “репродуктив ҳуқуқ” тушунчалари ҳақида маълумотга эга. Шу боис, ёшларнинг ҳуқуқий ва тиббий билимларини ошириш, аҳоли, биринчи навбатда, ёшлар орасида кенг тарғибот ва тушунтириш ишларини ташкиллаштириш ва ўтказиш зарур.

Жамоатчилик фикри мониторинги ўзбекистонликлар онгида оилани режалаштириш масалаларида ижобий ўзгаришлар кузатилаётганини кўрсатди. Фуқаролар режалаштириш – оила қуриш ва уни мустаҳкамлашда зарур ва ижобий тадбир бўлиб, у соғлом ва ардоқли фарзандлар кўриш, уларни юқори турмуш даражаси билан таъминлаш ва ўқитиш имконини беришини тушуниб етмоқда. Тадқиқот давомида оилани режалаштиришни муҳим деб ҳисоблайдиган фуқаролар сони ошгани кузатилди: 2019 йилда 72,5 фоиз сўров иштирокчилари шу фикрни билдирган (2018 йилда – 63,8 фоиз фуқаро оилани режалаштириш керак, деган фикрда бўлган).

“Ижтимоий фикр” маркази материаллари асосида М.Анисимова тайёрлади,ЎзА

Фикрлар

Яндекс.Метрика