No icon

«Алпомиш» достони нега йўқ бўлиб кетмаган?

Туркий халқ оғзаки ижодида катта аҳамиятга эга «Алпомиш» достони асрлар оша ўз жозибасини йўқотгани йўқ. Негаки, достонда сабр-матонат, Ватанга садоқат, ҳалоллик ва адолат тараннум этилади. Достон қаҳрамонлари эса шариат ва диёнатни тарғиб этади. Шунинг учун «Алпомиш», шу билан бирга бошқа достонлар халқ оғзаки ижодида ягона ёзма шаклига эга бўлмай, миллат фарзандларига унут бўлмади, деб ҳисоблайди Исмоилхон бахши Анваров.

«Бахшичилик тирикчилик манбаси, даромад топиш усули эмас. Ўзим сувчи—миробман. Ёшлигимда отамнинг дўмбира чертиб, достонлардан парча айтиб беришига иштиёқманд бўлиб, мен ҳам қўлимга дўмбирани олганман. Унинг нағмаси, ички овоз хилқати бахшичилик санъатига жозиба қўшади. Шунинг учун устоз кўрган бахшилар янада катта илҳом билан достон айтади. 
Нега халқ оғзаки ижоди намунаси — бахшилар айтиб бераётган достонлар даврлар ўтса-да, жамиятда ўз ўрнини йўқотмаяпти? Гап шундаки, у ҳар бир даврда инсоний фазилатлар, иймон ва эътиқоддан сўз очади, шунга тарғиб қилади. Эшитувчи ноҳақликлардан жирканиб, ёруғликка интилиши лозим», —дейди у. 

Шоберди бахши мактабини давом эттираётган Исмоилхон бахши мазкур санъат тури пайдо бўлиши узоқ тарихга бориб тақалишини таъкидлади. Унинг айтишича, узоқ даврда маҳаллий ўтроқ аҳоли орасида даврабоши, маросимлар бошчиси бахшилар бўлган. Улардан бошқа санъаткорлар бўлмаган, унинг ўзи ҳам кундузи бошқа касб билан шуғулланган. Кеч тушганда қавм жамланиб, достонлардан парча тинглаган. 

«Шундай пайтлар ҳам кузатилганки, бахшилар тонг отгунча жўшиб достон айтган. Улар ички овозда хониш қилиши мана шу жойдан тарих олади. Санъаткор узоқ қўшиқ айтса, унинг овози ўз-ўзидан ичига тушиб кетаверади. Ҳозир эса ички овоз достонларни айтиш анъана сифатида шогирдларга ўргатилади», — дейди у. 

Исмоилхон бахшининг айтишича, бахшиларнинг иқболи уйғонди, унут бўлаёзган санъат Ўзбекистонда яна жонланди. Негаки, бахши тўлиб-тошиб, дўмбирасини чертиб, достонларни айтганда — у бор меҳри билан замон ва ўтмишга муносабат ҳам билдиради. 

«Достонларнинг ёзма шакли бўлмагандан кейин, бахши фақат воқеалар, унда юз берадиган асосий суҳбатларни эслаб қолади. Қолган барча ижро импровизация орқали амалга оширилади. Эътибор қилинг, бу ҳолатда бахши давлат ва жамият ҳаётида кузатганларидан сабоқ чиқариб, достонни бойитиб боради», — дейди у.

 

Manba: kun.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика