No icon

Тошкент вилоятида Суриядан қайтган болалар учун махсус мобил мактаб ташкил этилди

Халқ таълими вазирлиги томонидан Яқин Шарқ ҳудудларидаги қуролли можаролардан қайтган болаларга Халқаро болалар куни муносабати билан совғалар топширилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Меҳр» дастури доирасида Ўзбекистонга қайтарилган 156 нафар аёл ва бола орасида 40 нафардан ортиқ мактаб ёшидаги ўқувчи бор.

Улар учун Халқ таълими вазирлиги томонидан Тошкент вилоятида махсус мобил мактаб ташкил этилди. Ўқувчилар ёшидан келиб чиқиб, бошланғич ва юқори синфларда таълим-тарбия олмоқда.

Ўқувчиларни реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш мақсадида 10 нафар педагог ҳамда 20 нафар психологдан иборат маҳоратли ва билимли мутахассислар жамоаси шакллантирилди. Мутахассислар ишлайдиган контингент махсус тайёргарлик талаб этишини инобатга олиб, улар 36 соатлик «Танглик вазиятда қолган болалар билан ишлаш» мавзусида махсус курсда ўқитилди.

Ҳозирда реабилитация дастури ишлаб чиқилиб, ўқувчилар билан педагогик-психологик ва ижтимоий мослашуви бўйича иш олиб борилмоқда. Ўқувчилар ўзларини қулай ва хавфсиз хис этишлари учун мобил мактаб (2 та синф хона) парта ва бошқа керакли жиҳозлар билан безатилди.

Шунингдек, болаларга 12 номдаги ўқув қуроллари, мактаб дарсликлари ва бадиий адабиётлар совға қилинди.

Фикрлар

Яндекс.Метрика