No icon

Жанубий Кореяда ишлашни хоҳловчилар янги тизим орқали танлаб олинади

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Жанубий Кореяда ишлашни истовчилар учун корейс тилидан бўладиган имтиҳонларнинг шаффоф ўтишини таъминлайдиган янги тизимни жорий этди, деб хабар беради UzDaily.

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Жанубий Корея ўртасида имзоланган меморандумга кўра, Кореяда ишга жойлашишни истаган Ўзбекистон фуқаролари корейс тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича икки босқичли тест синовидан ўтишлари керак. Биринчиси, дастлабки тест бўлса, иккинчиси, асосий тест (EPS-TOPIK). EPS-TOPIK Жанубий Кореянинг инсон ресурсларини ривожлантириш хизмати томонидан ўтказилади. Дастлабки тест синовлари эса яқин кунларга қадар фақатгина Тошкент шаҳрида жойлашган ташкилот томонидан ўтказилиб келинарди, бу эса турли вилоятларда яшовчи фуқароларга ноқулайлик туғдирарди.

Тест ўтказувчи ташкилот фуқаролар томонидан топширилган тест натижаларига кўра рейтингни эълон қилмасди. Фуқароларни танлаб олиш масъулияти эса Ташқи меҳнат миграция масалалари агентлиги зиммасига юклатиган бўлиб, уларда тест натижаларининг ишончлилигини текшириш имконияти бўлмаган.

Янги тартибга кўра, тест марказларининг монополияси ва фуқароларга ноқулайлик туғдирувчи шарт-шароитларига барҳам берилди. Дастлабки тестларда тушадиган саволлар қайта ишлаб чиқилиб, EPS-TOPIK’ка мосланди. Эндиликда тест марказлари дастлабки тест топшириш жараёнларида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг розилиги асосида иштирок эта олади.

Тест марказлари имтиҳонларда яхши натижа кўрсатган фуқароларни мустақил равишда аниқлаб, уларнинг рўйхатини Ташқи меҳнат миграция масалалари агентлигига топширади. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги эса тест натижаларини текшириш, шунингдек, хорижлик экспертларни жалб этишга ҳақли. Ҳар бир фуқаро ўзи топширган тест имтиҳонлари натижасини кузатиб боришига имкон яратувчи онлайн рейтинг динамикаси ишга туширилади.

Янги тизим томонларга бўлган ишончни оширади, тест жараёнларининг шаффоф ўтишини таъминлайди.

Манба: daryo.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика