No icon

"Вақтинчалик прописка" билан ҳам хорижга чиқиш паспортини олиш мумкинми?

Лойиҳа муҳокамага қўйилгач, кўпчилик қатори биз ҳам, аввалига кўзларимизга ишонмадик. Наҳотки, Ички ишлар вазирлиги фуқароларни ўйлаб, шундай енгилликка қўл урган бўлса. Чунки автомобилларнинг пардаси, жуда катта жарималар каби халқнинг аҳволини ўйламай чиқарилган кўплаб қарорлар туфайли вазирлик ходимларига нисбатан салбий қарашлар ҳам шаклланиб қолган. Тан олиш керак, бу ҳолатни тугатиш, жамоатчилик билан ишлаш борасида ҳаракатлар қилиняпти. Ҳар ҳафта оммавий ахборот ахборот воситалари билан учрашиб, муҳим воқеалар юзасидан ҳисоботлар беришяпти ва журналист, блогерларни саволларига жавоб беришмоқда. Матбуот хизмати ҳам журналистлар билан муомалага кириша бошлади.

Ушбу масала юзасидан ҳам, дастлаб ИИБ матбуот хизматига боғландик. Улар бизни лойиҳани бевосита тайёрлашда қатнашган Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига улаб берди. Ушбу бўлим вакили ростдан ҳам ушбу лойиҳа ИИБ томонидан фуқароларга енгиллик ва қулайлик яратиш мақсадида киритилаётганини таъкидлади.

Қуйида ИИБ вакили келтирган мисолда лойиҳани қисқача тушунтириб берамиз: Масалан, сизнинг доимий пропискангиз Хоразм вилоятида, сиз вақтинчалик прописка билан Тошкентда ўқийсиз ёки ишлайсиз. Шу пайтда зарурат бўлиб, чет элга чиқишингизга тўғри келиб қолди. Ҳозирда бундай вазиятда хорижга чиқиш паспортини олишга ҳужжатларни топшириш учун алоҳида вақт сарфлаб Хоразмга борасиз, ҳужжатларни топшириб, қайтиб келасиз. 10 кун, балки ундан кўпроқ вақт ўтгач, хорижга чиқиш паспортини олиш учун яна сарф харажат қилиб Хоразмга борасиз. Чунки, паспорт, фақатгина унинг эгасига берилади.

Агар қуйидаги лойиҳа қабул қилинса, сиз бемалол Тошкентда ёки вақтинчалик прописка билан яшаётган бошқа жойингиздаги ИИБ бўлимидан хорижга чиқиш паспортини олишингиз мумкин бўлади.

Аслида, бундай қулай ва енгил қоидалар барча демократик давлатларда оддий ҳол ҳисобланади. Биз ҳам фуқароларнинг эркин ҳаракатланишига тўсқинлик қилиб турган бюрократик прописка тизими тезроқ тугатилиб, эркин фуқаролик жамияти сари илдамроқ ҳаракатланишимизни тилаб қоламиз.

Эслатма: Қуйидаги лойиҳада фуқаролик паспорти эмас, хорижга чиқиш учун олинадиган (қизил) паспорт назарда тутилмоқда. Бу ўзгаришлар ҳали лойиҳа бўлиб, regulation.gov порталига шу йилнинг 22 ноябрига қадар муҳокама учун қўйилган, холос. Сиз ҳам ушбу ҳавола орқали кириб, ўз фикрларингизни билдиришингиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси regulation.gov.uz порталига "Фуқароларнинг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар киритиш ҳақида" Президент қарори лойиҳаси мухокамага қўйилди.

 

Лойиҳада Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ, қуйидаги ўзгартиришлар киритиш таклиф этилади:

1. 12-банднинг учинчи хатбошидаги “вақтинчалик рўйхатдан ўтганлиги” сўзлари “турган жойи бўйича ҳисобга олинганлиги” сўзлари билан алмаштирилсин.

2. 13-банднинг иккинчи хатбошидаги “вақтинчалик рўйхатдан ўтганлиги” сўзлари “турган жойи бўйича ҳисобга олинганлиги” сўзлари билан алмаштирилсин.

3. 17-бандда:

биринчи хатбошидаги “рўйхатда турадиган” сўзлари “пропискада турадиган ёки турган жойи бўйича ҳисобга олинган” сўзлари билан алмаштирилсин;

иккинчи хатбошидаги “рўйхати” сўзи “пропискаси” сўзи билан алмаштирилсин;

учинчи хатбошидаги “вақтинчалик рўйхатдан ўтган” сўзлари “турган жойи бўйича ҳисобга олинган” сўзлари билан алмаштирилсин.

4. 30-банддаги “рўйхатда туриш жойи ёки” сўзлари “пропискада турадиган ёки турган жойи бўйича ҳисобга олинган ва” сўзлари билан алмаштирилсин.

Изоҳ: Амалдаги Низомнинг 17-бандида шундай дейилган:

17. Фуқаролар хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш учун доимий рўйхатда турадиган жойларидаги маълумотларни йиғиш пунктига ёки консуллик рўйхатига олинган маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қиладилар.

Фуқаронинг доимий рўйхати мавжуд бўлмаган тақдирда хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш учун у олдинги рўйхатда турган жойи бўйича маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қилиши мумкин.

Пропискага оид маълумотлар мавжуд бўлмаган ҳолларда фуқаро хорижга чиқиш паспортини олиш учун вақтинчалик рўйхатдан ўтган жойидаги маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қилиши мумкин.

Фаррух Абсаттаров

Манба: sof.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика