No icon

Наманган вилоятида пахта тайёрлаш йиллик шартномавий режаси бажарилди

Наманган вилояти пахтакорлари бу йил 63406 гектар майдонда деҳқончилик қилиб, ҳар гектар ердан 30 центнердан зиёд ҳосил йиғиб олишга муваффақ бўлдилар. 1584 та фермер хўжаликлари томонидан тайёрлов манзилларига 192500 тонна юқори сифатли саноат хом ашёси топширилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Тармоқни янада ривожлантириш, ғўза парвариши билан боғлиқ агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ўтказилиши, айниқса, пахтачиликка замонавий кластер усулининг кенг жорий этилиши кўзланган даражадаги ҳосилни етиштиришда бош омил бўлганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Хусусан, тўққизта туман пахта майдонларини тасарруфига олган “Наманган момиқ сочиқлари”, “Тошбулоқтекс”, “Uztex Uckurgan”, “Наманган тўқимачи” кластерлари мавжуд фермер хўжаликлари билан қатъий шартнома асосида иш олиб бориб, меҳнатга ҳақ тўлаш, ёнилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғит ҳамда ўсимлик зараркунандалариги қарши биологик кураш воситаларини етказиб берилиши билан боғлиқ шартларни тўла тўкис бажардилар. Етиштирилган ҳосилни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотга айлантиришгача бўлган янги тизимнинг жорий этилиши соҳа меҳнатчилари даромадини кескин кўтариб, уларнинг пировард натижадан манфаатдорлигини оширгани, бир сўз билан айтганда деҳқоннинг косаси оқариш сари юз тутганини таъкидлаш ўринлидир.

Айтиш лозимки, Марказий Фарғона чўлларида деҳқончилик қилаётган Мингбулоқ тумани пахтакорлари ғалаба маррасини вилоятда биринчи бўлиб уддаладилар. Бунда 239 та фермер хўжалиги билан иш олиб борган “Наманган момиқ сочиқлари” масъулияти чекланган жамияти негизидаги кластер корхонасининг изчил фаолияти катта ўрин тутганлигини эътиборга олиш лозим. Айни корхона томонидан изчил йўлга қўйилган ва молиявий таъминланган деҳқончилик ишлари Поп туманида ҳам ўз самарасини берди. 

Бугунга қадар вилоятда беш туман шартномавий режанинг уддасидан чиқди. Косонсой, Тўрақўрғон, Уйчи, Норин ва Учқўрғон туманларида ҳосилни йиғиштириб олиш ишлари давом этмоқда. Демак, вилоят пахта хирмони янада юксалади.

Фикрлар

Яндекс.Метрика