No icon

Ўзбекистон ОТМларида аттестациядан ўта олмаган йўналиш ва мутахассисликлар ёпилади

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамкорлигида 6 ноябрь куни олий таълим муассасаларини аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказишдаги янгича тартиблар тўғрисида семинар ўтказилди. Бу ҳақда инспекция матбуот хизмати хабар берди. Тадбирда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев 2018—2019 йиллар давомида ўтказилган олий таълим муассасалари аттестация натижалари ҳақида маълумот берди.

Хабар берилишича, инспекция томонидан 2018—2019 йиллар давомида 24 та олий таълим муассасаси аттестацияга жалб қилинган бўлиб, улардан 10 таси аттестациядан тўлиқ ўтган ва аккредитацияланган. 13 та ОТМ эса аттестациядан шартли ўтган бўлиб, уларга камчиликларни бартараф этиш учун бир йил муддат берилган. Битта ОТМ аттестациядан ўта олмаган ва аккредитация қилинмаган.

Ушбу натижа таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича таҳлил қилинганда, 426 та таълим йўналишидан 288 таси аттестациядан ўтган, 138 таси эса ўта олмаган. 282 та магистратура мутахассисликларидан 242 таси аттестациядан ўтишга муваффақ бўлган бўлса, 40 та мутахассислик бунга эриша олмаган.

Олий ўқув юртидан кейинги таълим бўйича 186 та ихтисосликдан 132 таси аттестация синовидан ўта олган, 54 та ихтисосликда эса бунинг акси қайд этилган.

Таълим инспекцияси жорий йилнинг сентябрь ойида 22 та ОТМлари ва 5 та илмий тадқиқот муассасаларининг аттестациядан ўтмаган таълим йўналишлари, магистратура мутахассисликлари ҳамда ихтисосликларни қайта аттестациядан ўтказди. Қайта аттестация натижасига кўра, 40 та таълим йўналишидан 17 таси, 17 та магистратура мутахассислигидан 4 таси, 60 та ихтисосликдан 19 таси аттестациядан ўта олмаган. Мазкур ихтисосликлар бўйича қабул тўхталиши белгиланган.

Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 7 июндаги 470-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга асосан бундан буён «Аттестациядан шартли ўтди» деган тушунча бўлмайди, аттестациядан ўтмаган таълим йўналиши ёки мутахассислигига қабул тўхтатилади.

Фикрлар

Яндекс.Метрика