No icon

Мутахассислар нон нархи билан боғлиқ вазиятга изоҳ беришди

Ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири бу «буханка» нон нархининг ошиши мавзуси бўлмоқда. Дастлабки ҳисобга-китобларга кўра нон нархи 1500 сўм атрофида бўлиши билдирилганди. Лекин тахминлар ўзини оқламади ва «буханка» баҳоси яна кўтарила бошлади. Бунинг сабабларини ўрганиш мақсадида соҳа мутахассислари билан суҳбат қилдик.

Суҳбатдошларимиз Молия вазирлиги агросаноат мажмуаси молияси ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишни молиялаштириш бошқармаси бошлиғи Тўлқин Мирзаев ва Давлат статистика қўмитаси нархлар статитистикаси бошқармаси бошлиғи Мухтор Умаров бўлишди.

– Фикрингизча, буханка нон нархи қандай кўрсаткичларгача ошиб боради? Бу борада бирор прогноз борми?

Тўлқин Мирзаев: – Ҳозирги ошишларга ҳам фундаментал асослар йўқ эди. Яъни биз биржаларга унни захираси билан чиқаряпмиз, баҳода кескин кўтарилиш йўқ, ишлаб чиқарувчилар фаолиятини йўлга қўйишлари учун ҳам барча чораларни кўрганмиз. Қолипли нон баҳоси яқин келажакда ошишига сабаб кўрмаяпман.

Мухтор Умаров: – Гарчи прогнозлаш ваколатимизга кирмасада, асосий ишимиз нархларни ўрганишдан иборат бўлсада, юқоридаги фикрни қўллаб-қувватлайман. Чунки нархлар динамикасига эътибор берсак, маълум муддатли ўсиш барқарорлашиш билан алмашмоқда. Энди яна ошишга асос йўқ.

– Нон тайёрлаш занжирида фақат ун ҚҚС билан қолиб кетган. Сабаби, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан нон нархини сақлаш мақсадида дон етказиб берувчилар ҚҚСдан озод қилинди. Аммо ун савдосида ҚҚС ҳисоблангани сабабли баҳоси ошяпти. Ун асосий маҳсулотлардан бўлгани учун уни ҳам ҚҚСдан озод қилиш режаси борми?

Тўлқин Мирзаев: – Нон ва буғдойда ҚҚС қўлланмагани сабаби ҳам ижтимоий ҳимояга бориб тақаларди. Нон ва ун маҳсулотлари нархлар эркинлаштирилганидан кейин ушбу маҳсулотларни ҚҚСга тортиш тизими ўзгаргани йўқ. Бир килограмм ун маҳсулотининг жорий йил 15 октябргача амалда бўлган нархида ҚҚС 67,7 сўмни ёки бор йўғи 4,8 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозир бу солиқ бир килограмм ҳисобига ўртача 56 сўмга тўғри келмоқда ёки нархнинг 2,4 фоизини ташкил этмоқда. Демак, бу занжирда фақат унда ҚҚС сақланиб қолгани фақат рамзий характерга эга, яъни нон нархида катта роль ўйнамайди.

– Нон нархи ошишидан олдин бундан буён маҳсулот нархи, нон тайёрловчилар фаолияти жиддий кузатувга олиниши, хусусан нон вазни қаттиқ назорат қилиниши белгиланганди. Жараён қандай кетмоқда, бу борада дастлабки хулосалар борми?

Мухтор Умаров: – Кузатув ваколатига эгамиз, нафақат нон, балки асосий маҳсулотлар нархини доимо ўрганиб, эълон қилиб борамиз. Мана, куни кеча охирги маълумотларни эълон қилдик. Нон нархи барқарорлашди.

– Шу ўринда сизлар эълон қилаётган нархлар бўйича ҳам кўп эътирозлар борлигини қандай изоҳлайсиз?

Мухтор Умаров: – Албатта, бу эътирозларни ўзимизга ҳам билдиришади. Аммо кўп бора таъкидлаганимиздай биз аниқ маҳсулотнинг энг минимал ва энг максимал нархларини эълон қиламиз ва бу нархлар айнан қаерда кузатилаётгани билдириб ўтамиз. Айтайлик, охирги маълумотда суякли гўштнинг энг арзон нархи 36 минг сўмдан Нукус деҳқон бозорида кузатилгани айтилган. Бу нарх бутун республикага тўғри келмаслигини тўғри тушуниш керак. Кўпчилик «статистика қўмитаси 50-55 мингдан сотилаётган гўштни 36 минг сўм қилиб кўрсатяпти» деб норозилик билдиради. Аслида шу маълумотнинг ўзида максимал нарх, яъни 57 минг сўм ҳам кўрсатиб ўтилган. Нархлар ҳар бир ҳудуд алоҳида тарзда, бозор энг гавжум пайтда ўрганилади. Сабаби, эрталаб юқори бўлган баҳо кечга яқин тушиши кузатилади, шунинг учун биз одатда соат 12 атрофида нархни ўрганамиз.

– Демак, нархларни сунъий тарзда арзон кўрсатиш бўйича кўрсатма ёки «сирли буйруқ» йўқ?

Мухтор Умаров: – Мутлақо йўқ.

Тўлқин Мирзаев: – Назорат қилишга келсак, биламизки, тадбиркорлар фаолиятини текширишга яъни уларнинг фаолиятига аралашишга мораторий эълон қилинган. Аммо монополияга қарши курашиш, солиқ тизими, «Ўзстандарт» агентлиги томонидан амалдаги стандартлар талабларидан келиб чиқиб нон вазни ва сифати бўйича ўрганишлар олиб боришлари мумкин, олиб боришяпти ҳам. Бу борада яқин вақт ичида бир янгилик жорий қилиш устида иш олиб боряпмиз. Унга кўра сотувда бўлган қолипли нон ва ун маҳсулотининг сертификати бўлиши шарт бўлади. Яъни савдо растасидаги нон ва ун маҳсулот бўйича истеъмолчига кўринарли жойда ушбу маҳсулот бўйича тегишли маълумотлар қўйилган бўлиши шарт бўлади. Бу маълумотда ишлаб чиқарувчи томонидан берилган сертификатдаги маълумотларни акс этиши керак, яъни вазни, нави, таркибига оид маълумотлар ва ишлаб чиқарувчи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилади. Шундан кейин истеъмолчи бемалол мувофиқликни текшириб кўриши, талаб қилиши мумкин бўлади. Бу тажриба ҳозирги кунда йирик савдо нуқталарида ихтиёрий тарзда қўлланмоқда, нон пештахтасига зарур маълумотлар ёзиб қўйилмоқда. Энди шуни мажбурий қилмоқчимиз.

– 2020 йил 1 январдан 300дан ортиқ турдаги товарларга импорт божи оширилиши эълон қилинди. Улар орасида унга ҳам 10 фоизли бож кўзда тутилган. Бу яна бир «нарх сакраши»га сабаб бўлмайдими?

Тўлқин Мирзаев: – Ҳақиқатдан ҳам 2020 йил 1 январдан бошлаб айрим товарларга импорт божи киритилди. Бу маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимизни ҳимоялаш мақсадида қилинмоқда. Аммо бу ун нархига таъсир этмайди. Сабаби нима деган ўринли савол пайдо бўлади.

Эркин савдони амалга ошириш ҳудудини ташкил этиш тўғрисидаги келишувга қўшилган мамлакатлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 1998 йил 8 апрелда 429-сон билан рўйхатга олинган бўлиб, ушбу рўйхатдаги мамлакатлар билан ўзаро савдоларда импорт божи қўлланмайди. Бу рўйхатга Беларусь, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия Федерацияси, Туркманистон, Украина, Тожикистон ва Озарбойжон киритилган.

Энди мамлакатимизга импорт қилинаётган ун маҳсулоти асосан Қозоғистон Республикаси ҳиссасига (тахминан 95 фоиздан ортиқроғи Қозоғистон ва 4 фоиз атрофида Россия Федерацияси ҳиссасига) тўғри келишини ва бошқа мамлакатлардан келтириладиган ун маҳсулоти миқдори 1 фоиздан ҳам камлигини эътиборга олсак, бу импорт ун нархига умуман таъсир этмаслигини кўрамиз.

kun.uz мухбири суҳбатлашди.

Фикрлар

Яндекс.Метрика