No icon

4 февраль ҳолатига Хитой коронавируси бўйича асосий хабарлар

Касалланганлар ва вафот этганлар

Хитой соғлиқни сақлаш миллий комиссияси маълумотларига кўра, мамлакатда 4 февраль ҳолати бўйича 20 438та коронавирусни юқтириш ҳолати қайд этилиб, вафот этганлар сони 425 кишига етди. Комиссия 2788та ҳолатда беморларнинг аҳволи оғирлигини маълум қилган. Ҳозирга қадар 480 га яқин киши соғайгани айтилмоқда.

Гонконгда коронавирус оқибатида биринчи ўлим ҳолати қайд этилди. Бу Хитой ташқарисида қайд этилган иккинчи ўлим ҳолати. Аввалроқ Филиппинда 44 ёшли эркак вафот этгани ҳақида хабар берилганди.

Олимларга кўра, 2020 йилнинг 25 январь ҳолатида коронавирусни юқтирган беморлар сони 75 815 нафарни ташкил этган. Бу эса расмий эълон қилинган рақамлардан ўн баравар кўп дегани.

Фото: Reuters

Суратдаги бу аёл коронавирус ўчоғи — Хубэй провинциясидан келган. У полициядан саратондан азият чекаётган қизининг даволаниши учун назорат-ўтказиш пунктидан ўтказиб юборишларини сўраб кўз ёш тўкмоқда.

Ўзбекистондаги вазият

4 февраль, сешанба куни, соат 17:05 да Пекиндан бортида 250 нафар ўзбекистонлик билан учган самолёт Тошкентга келиб қўнди. Аввалроқ Хитойдан 157 нафар ўзбекистонлик талаба қайтиб келгани ҳақида хабар берилган эди.

Хитойдан олиб келинган ўзбекистонликлар коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида махсус тайёрланган тиббиёт муассасаларига жойлаштирилди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Мазкур муассасалар тўлиқ карантин талаблари асосида жиҳозланган бўлиб, диагностика воситаларининг зарур захиралари, керакли дори ҳамда дезинфекция воситалари, шахсий ҳимоя воситалари, маиший воситалар ва зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлиқ таъминланган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Маълум қилинишича, Ухань шаҳри ва Хитойнинг бошқа ҳудудларидан олиб келинган фуқаролар алоҳида назорат остида бўлиб, мунтазам тиббий текширувлардан ўтказилади.

  • 3 февраль, душанба куни, Россиянинг Ханти-Мансийск автоном округидаги касалхонага ётқизилган уч нафар ўзбекистонликда коронавирус инфекцияси борлиги тасдиқланмади. «Ҳа, Ўзбекистон фуқаролари ўртасида ўтказилган таҳлил натижалари келди. Бу коронавирус эмас — грипп ёки ЎРВИ. Бизда бошқа маълумотлар йўқ», — деган агентлик суҳбатдоши.

Россиянинг Екатеринбург шаҳридаги Ўзбекистон Бош консулхонаси 3 нафар ўзбекистонликнинг коронавирус гумони билан касалхонага ётқизилгани тўғрисида тарқалган хабарларни тасдиқлаб, фуқароларининг аҳволи қониқарлилигини ҳамда уларда коронавирус симптомлари кузатилмаганини маълум қилди.

Маълумот учун, Новосибирск—Тюмень авиарейсида учган Хитой фуқаросида коронавирус аниқланганидан сўнг, ушбу рейснинг барча йўловчилари касалхоналарга жойлаштирилган. Шифокорлар берган маълумотга кўра, ҳозирда таҳлил натижалари Тюмень ва Новосибирск тиббиёт муассасаларига юборилган ва анализлар у ерда пухта ўрганилганидан сўнггина хулоса берилади.

Жаҳондаги вазият

Brent туридаги нефть нархи 13 ой мобайнидаги энг паст кўрсаткичга тушиб, бир баррел нархи Лондоннинг ICE биржасида 3 февраль куни ҳолатига кўра, 54,7 АҚШ долларигача пасайди. Нефть бозорида нархнинг тушуши коронавирус сабаб Хитойда нефтга бўлган талабнинг 20 фоизга камайиши фонида рўй бермоқда.

Фото: «Gazeta.ru»

Россия Либерал-демократлар партияси етакчиси Владимир Жириновский жаҳонда коронавирус тарқаб бораётган шароитда Ўрта Осиё мамлакатлари учун Россия чегараларини ёпиш таклифи билан чиди. Жириновскийга кўра, вирус тарқашига Хитойдан кўра Ўрта Осиё мамлакатлари хавфлироқ.

Маълумот учун, Жириновский ўзининг ноодатий, қолипга сиғмас фикрлари билан танилган сиёсатчи ҳисобланади. Аввалроқ у Сибирдаги ёнғинлар ўрмон қўриқчиларининг штати кескин қисқариб кетгани оқибатида юзага келгани ҳақида гапирган бўлса, Беларусь ва Украина давлатларини Россия билан бирлашишга ҳам чорлаган эди. Жириновский ҳатто Россияда президент лавозимини тугатиб, тегишли ваколатларни давлат кенгашига беришни, унинг аъзоларини эса ҳар йили апрелда сайлашни таклиф қилган.

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус мамлакат бўйлаб кенг тарқалиши мумкинлигини эълон қилиб чиқди. Маълум қилинишича, янги турдаги коронавирус мамлакат ҳудуди бўйлаб тарқалишининг аниқ тахминлари йўқ, бироқ унинг кенг кўламда тарқалишига қарши тайёргарлик кўриш лозим.

  • Бутун дунё бўйлаб авиакомпаниялар коронавирус сабаб Хитойга парвозларни бекор қилаётган бир пайтда Покистон ҳукумати 3 февралдан парвозларнинг қайта йўлга қўйилишини маълум қилди.
  • Таиланд ҳукумати коронавирус сабаб талаб ортиб кетган жарроҳлик ниқоби, тиббиёт спирти ва дезинфекцияловчи спирт маҳсулотларининг нархини давлат томонидан назорат қилинадиган маҳсулотлар рўйхатига қўшиб қўйди.
  • Макао маъмурий ҳудуди раҳбари Хо Иат Сенг баёнот билан чиқиб, ҳукумат коронавирус тарқалиш хавфи сабабли ҳудуддаги барча казинолар фаолиятини икки ҳафтага тўхтатишга қарор қилганини маълум қилди.

Фото: Reuters

4 февраль, сешанба куни, Хитойнинг коронавирус ўчоғи бўлган Ухань шаҳрида янги касалхона беморларни қабул қилишни бошлади. 1000 нафар беморга мўлжалланган касалхона биноси модул конструкцияларидан фойдаланган ҳолда 10 кунда қуриб битказилганди. Уханда шу технологияни қўллаган ҳолда иккинчи касалхона қурилиши бошланган.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Хуа Чуньин расмий Пекин АҚШ коронавирусга қарши кураш бўйича ваъда қилган ёрдамни тезроқ юборишини кутаётганлигини маълум қилди.

Аввалроқ АҚШ президентининг иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Ларри Кадлоу Хитойга коронавирусга қарши курашда ёрдам бериш учун Касалликлар назорати ва профилактикаси марказидан (CDC) энг яхши экспертлар юборилишини билдирганди.

Манба: daryo.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика