No icon

Президент эҳтиёжмандларга 1,06 триллион сўмни адолатли тарқатишга топшириқ берди

3 июнь куни Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ҳақида хабар берилганди. Йиғилишда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Карантиннинг биринчи кунларидан бу борада зарур чоралар кўрилиб, ижтимоий нафақа олувчилар сони 10 фоизга оширилган эди.

Бугунги кунда боқувчисини йўқотган оилалар сони 155 минг, 5 нафардан ортиқ фарзанди бор кам таъминланган оилалар сони 81 минг, ёлғиз яшовчи кексалар 16 минг нафарни ташкил этмоқда. Лекин ажратилаётган ижтимоий ёрдамлар эҳтиёжмандларга тўлиқ етиб бормаётган ҳолатлар ҳам кўп.

Шу боис Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига қўшимча ажратилган 992 миллиард сўм маблағни ҳамда «Саховат ва кўмак» жамғармасидаги 70 миллиард сўм қолдиқни муҳтож оилаларга аниқ ва адолатли етказиш бўйича қатъий топшириқ берилди.

Пандемия даврида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган қарорлар доирасида йил якунига қадар қўшимча 235 мингдан зиёд оилага моддий ёрдам ажратилиши қайд этилди.

Йиғилишда асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни тўлиқ таъминлаш ва бозорлардаги нарх-наво барқарорлигини сақлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.

Парранда гўшти, шоли, картошка талабга нисбатан кам етиштирилаётгани қайд этилиб, ушбу маҳсулотларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берилди. Бунда хорижий давлатлар, хусусан, картошка бўйича Нидерландия, шоли ва балиқчилик бўйича Вьетнам тажрибаларидан фойдаланиш яхши натижа беради.

Булардан ташқари ҳам аграр соҳада ишлатилмаётган резервлар етарлилиги таъкидланди. Мисол учун, бир вақтлар Наманган ва Навоий вилоятларида жунни қайта ишлаш бўйича қувватлар мавжуд бўлган.

Бу йўналишда кўплаб одамларни иш билан таъминлаш ва экспортбоп товарлар тури ва ҳажмини кўпайтириш имконияти бор. Жундан рўмол, гилам каби тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш аҳоли ўзини ўзи банд қилишининг муҳим йўналиши бўлиши лозимлиги қайд этилди, бу борада манзилли лойиҳаларни шакллантириш вазифаси қўйилди.

Видеоселектор йиғилишида ҳокимлар, вазирлик, идора ва тижорат банклари раҳбарлари биринчи ярим йил якуни бўйича нечта иш ўрни яратиши, камбағал оилаларни қанчага қисқартириши, 9 ой ва йил охиригача мўлжалланган режалари юзасидан ҳисобот берди.
***

Президент бу ҳудуддаги оғир вазият кеча ёки бугун пайдо бўлмаганини, бу ерда одамлар ишсизлик ва яшаш шароити оғирлигидан азият чекиб келганини таъкидлади. Бу ҳақда Kun.uz хабар бериб ўтди.

«Айниқса, чегарадош ҳудудларда камбағалликни камайтириш ва шу туманлар иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли учун зарур шароитларни ташкил этиш бўйича алоҳида ёндашув бўлиши керак. Мана, Раматовга қўшимча топшириқ берилди. Ҳар ойда иккитадан чегарадош ҳудудда бир ҳафтадан яшайди. Керак бўлган одам, унинг ҳамма ваколати бор. Билардику, шу чегардош ҳудудни. Нега бориб Сўхда ётиб келмаган?! Энди ана шундай чегарадош ҳудудларнинг алоҳида рўйхатини қиламиз, бош вазир ўринбосари бориб инфратузилма ва бошқа масалаларини ўрганади. Бизни олдинроқ огоҳ қиладиган тизим яратишимиз керак.

Чегарадош ҳудудларнинг суви қандай, жойи қандай, хавфсизлиги қандай, вазият қандай, ичкаридаги муҳит қандай – Раматов бош. Кейин сиз етиб борасиз (А.Арипов – таҳр). Раматов диагноз қўяди, даволашга сиз. Диагноз деганим, ҳамма нарсани билиш керак. Мана, ўзингиз кўрдингиз одамларнинг кайфиятини. Оддий-оддий масалалар-ку! Ҳеч қийин масала қўйилгани йўқ, бемалол ҳал қилса бўлади.

Йиллар давомида ҳеч ким бормаган. Жуда бўлмаса «у халқ ёмон, оғир халқ» деганмиз. Нимага ёмон, талаб қилиш ёмонми?! Адолат-ку талаб қилиш. Бу жараён жуда кўп сабоқ берди. Жуда катта сабоқ», дея президентнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Давлат раҳбари аҳоли кайфияти, муаммолари, талаб ва эҳтиёжини олдиндан биладиган тизим яратиш лозимлиги ҳақида гапирди. Нафақат чегарадош ҳудудлар, балки иқтисодий аҳволи оғир бўлган бошқа туманларда ҳам аҳоли бандлиги, яшаш шароитини яхшилаш бўйича бир ой ичида дастур тайёрлаш юзасидан топшириқ берди.

Фикрлар

Яндекс.Метрика