No icon

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 25 млрд доллардан ошди

Ўзбекистон ташқи қарзининг умумий ҳажми 2020 йилнинг дастлабки уч ойи якунларига кўра 25,1 миллиард долларни ташкил қилди. Марказий банк маълумотларига кўра, қарз миқдори йил бошидан 2,8 фоизга ёки 692 миллион долларга ошди.

«Ушбу жараён COVID-19 вируси тарқалиши оқибатида юзага келган инқирознинг ижтимоий-иқтисодий таъсирини юмшатиш учун ҳамда ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини молиялаштириш учун янги қарзларнинг жалб қилиниши билан изоҳланиши мумкин», — дея тушунтириш берган Марказий банк.

Ташқи қарз давлат қарзи ва хусусий қарздан иборат. Давлат қарзи миқдори 16,2 миллиард долларни, хусусий қарз эса 8,9 миллиард долларни ташкил этди. Шу билан бирга қайд этилишича, жаҳон пандемияси шароитида фонд бозорларида биржа котировкаларининг пасайиши оқибатида Ўзбекистон суверен облигацияларининг бозор нархлари камайди.

Фото: Марказий банк

Қарз қайтарилишига келса, биринчи чоракда 132 миллион доллар миқдоридаги асосий қарз ва 93 миллион доллар миқдордаги фоиз тўловлари амалга оширилган.

Фикрлар

Яндекс.Метрика