No icon

Оnline-maktab'нинг бошланиш санаси, узатиладиган телеканаллар ва тармоқлар маълум қилинди

Жорий йил 14 сентябрдан бошлаб Республика умумтаълим мактабларида 2020/2021 ўқув йили бошланади. Бунда таълим шаклини онлайн тарзда танлаган ҳамда мактабининг фаолияти ҳали тикланмаган ўқувчилар белгиланган дарс жадвали асосида ўқув дастурини ўзлаштириб боришлари мумкин. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги хабар берди.

Телевизион дарслар жорий йилнинг 14 сентябридан бошлаб Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг 3 та телеканалида душанбадан шанбагача ҳар куни соат 8:30 дан бошлаб Оnline-maktab туркумида намойиш этиб борилади.

Оnline-maktab дарслари “UzDigital TV” тармоғида қуйидаги телеканаллар орқали эфирга узатилади:

  • 1-4 синф ўқувчилари учун — National Geographic
  • 5-8 синф ўқувчилари учун — Eurosport
  • 9-11 синф ўқувчилари учун — Охота и рыбалка.

Кабель телевидениеси ва IP ТВ тармоқларида:

  • 1-4 синф ўқувчилари учун — National Geographic
  • 5-8 синф ўқувчилари учун — «ТВС»
  • 9-11 синф ўқувчилари учун — “Fashion TV”.

Дарсларни параллель равишда қуйидаги интернет ресурслар орқали кузатиб бориш мумкин:

  1. https://t.me/uzeduonlinemaktab;
  2. mover.uz/channel/uzedu
  3. Youtube канали;
  4. Kundalik.com ҳамда онлайн мактаб электрон портали орқали.

Шунингдек дарслар Mediabay.uz, Mover.uz сайтларига ҳамда ижтимоий тармоқдаги телеграм каналларига ҳам жойлаштирилади.

Оnline-maktab телевизион дарслари Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда ZOʼR TV билан ҳамкорликда тасвирга олинмоқда.

Дарсларни тасвирга олиш учун А.Авлоний номидаги Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти ва Республика ташхис марказида жами 6 та студия ташкил этилди.

Телевизион дарсларни тасвирга олишга жами давлат ва нодавлат таълим муассасаларидан жами 117 нафар тажрибали ва малакали педагоглар, 12 нафар сурдо-таржимон ва 15 нафар муҳаррирлар жалб қилинди.

Телевизион дарсларнинг жадвали кунлик тарзда Халқ таълими вазирлигининг расмий саҳифалари орқали эълон қилиб борилади.

Фикрлар

Яндекс.Метрика