No icon

Коронавирус: 22 сентябрь куни Ўзбекистонда 598 кишида касаллик аниқланди

Ўзбекистонда 21 сентябрь соат 23:30 дан 22 сентябрь соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 598 та ҳолат қайд этилди. Беш кун ичида биринчи марта касалланганлар сони 600 нафардан камайди. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 52857 нафарга етди. Коронавирусга чалиниш ҳолатларининг 1,13 фоизи 22 сентябрга тўғри келди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳудудларда қанчадан одам касаллангани, уларнинг қанчаси даволангани-ю, қанчаси вафот этгани ҳақидаги рақамлардан иборат жадвални 22 сентябрда эълон қилмади. ССВ апрель ойидан бошлаб коронавирусга чалинган беморларнинг қайд этилиши ва соғайганлиги билан боғлиқ жадвални бериб келаётганди. Апрель ва май ойининг айрим кунларида жадвал берилмаган, бироқ 12 майдан бери жадвал мунтазам равишда эълон қилинаётганди.

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланган 598 кишининг барчаси тана ҳарорати кўтарилгани боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган:

  • Тошкент шаҳрида — 297 нафар;
  • Тошкент вилоятида — 129 нафар;
  • Наманган вилоятида — 98 нафар;
  • Андижон вилоятида — 16 нафар;
  • Жиззах вилоятида — 12 нафар;
  • Сурхондарё вилоятида — 11 нафар;
  • Қашқадарё вилоятида — 10 нафар;
  • Қорақалпоғистон Республикасида — 9 нафар;
  • Самарқанд вилоятида — 9 нафар;
  • Хоразм вилоятида — 7 нафар.

Кун давомида 10 та ҳудудда коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилди. 28 август куни ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кунига ўртача 370 нафар янги бемор аниқланиши карантин талаблари юмшатилган ҳозирги шароитда назорат кўрсаткичи бўлишини қайд этганди. Президент ҳақиқий ҳолат бўйича рақамларни яширишга мутлақо йўл қўймаслик тўғрисида барча раҳбарларни огоҳлантирди. Бунга уриниш жиноий жавобгарликкача бўлган қатъий чораларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланди. Охирги 15 кунда кунлик касалланиш ҳолатлари назорат кўрсаткичидан баланд бўлмоқда.

Манба: daryo.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика