No icon

Нега 189 балл олган абитуриентлар грантга кира олмаганига муносабат билдирилди...

Ўзбекистонда 2020/2021-ўқув йили учун ўтказилган кириш имтиҳонларида кўплаб йўналишларда 189 балл олган абитуриентлар грантга кира олмай, контрактга тавсия этилгани жамоатчиликда эътирозларни келтириб чиқармоқда. Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев ушбу масалага эътибор қаратди. ДТМ берган расмий баёнотга кўра, Вазирлар Маҳкамаси 2008 йилнинг 13 октябридаги қарори билан спортчилар мавжуд квота ичида қабул қилиниши керак. Ҳақиқатан ҳам 12 йил олдинги ҳужжатда шундай ёзилган. Аммо 2020 йил 24 январь куни Президент фармони қабул қилинган.

Фармоннинг 12-бандига кўра, «Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлигининг 2020 йил 1 февралдан бошлаб спорт соҳасидаги ютуқларни муносиб равишда рағбатлантиришни назарда тутувчи қуйидаги таклифларига розилик берилган:

а) олимпия ва паралимпия спорт турлари бўйича Олимпия ва Паралимпия ҳамда Осиё ва Параосиё ўйинлари, жаҳон, Осиё ва республика чемпионатларида охирги уч йилда ғолиб ва совриндор (1—3-ўрин) бўлган спортчи-ўқувчиларни Ўзбекистон Республикаси давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган олий таълим муассасаларига (тиббиёт йўналишидан ташқари) қўшимча давлат гранти асосида имтиҳон синовларисиз қабул қилиш.

«Кўриб турганингиздек, президент фармонида спортчиларга қўшимча давлат гранти ажратилиши белгилаб қўйилган. Яъни улар бошқа билимлиларга халақит бермаслиги керак эди. ‘Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида’ги қонунга кўра, Президент фармони Вазирлар Маҳкамаси қароридан устун туради ва 2 хил қоида келтирилган бўлса, фармонда белгилангани кучга эга бўлади. Шунга кўра, квота ичида қабул қилинган барча спортчиларга қўшимча грант ажратилиши керак ва натижада қолганларнинг ўрни қайта ҳисобланиши лозим, деб ҳисоблайман», — деб ёзмоқда ҳуқуқшунос.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда Жисмоний тарбия ва спорт вазири 18 сентябрь куни имзолаган хат нусхаси тарқалганига ҳам муносабат билдирди. Ҳақиқийлиги ҳозирча расман тасдиқланмаган ушбу хатга вазирлик имтиёз берилиши керак бўлган спортчилар рўйхатини илова қилган ҳамда улар умумий қабул параметрларидан ташқари қўшимча давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиниши ҳақида ёзилган. Ҳуқуқшунос мазкур ҳолат бўйича масъул ташкилотлардан расмий изоҳ сўраган.

«Лекин яна бир нарса, агар барча спортчилар қўшимча квотага ўтказилгани билан, 189 балл олганлар грантга киришига тўсқинлик қиладиган яна бир тоифа имтиёзчилар барибир сақланиб қолиши мумкин. Булар ‘Темурбеклар мактаби’ битирувчилари бўлиб, уларга қўшимча балл берилади ва уларнинг кўпчилигининг баллари 189 баллдан ошиб кетган. Ҳа, шунақа, Ўзбекистон ана шундай мантиқсиз имтиёзлар мамлакати. Бу мавзуга яна қайтамиз», — дея ўз фикрини якунлаган Хушнудбек Худойбердиев.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2020/2021-ўқув йили учун ўтказилган тест синовлари натижаларига кўра, республика ОТМлари бакалавриатига жами 140 068 нафар абитуриент талабаликка қабул қилинди. Давлат гранти асосида ўртача ўтиш бали — 133,3 баллни, тўлов-контракт асосида ўртача ўтиш бали — 110,6 баллни ташкил этди. Ўзбекистон ОТМларига қабул бўйича ўтказилган тест натижаларидан қониқмаганлар учун ДТМнинг апелляция комиссияси ўз фаолиятини 2020 йил 28 сентябрдан бошлайди.

Базавий тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилмаган, лекин 56,7 балл ва ундан юқори балл тўплаган абитуриентлар табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқиш учун 2020 йил 26 сентябрдан бошлаб олий таълим муассасаларига мурожаат этиши мумкин.

Фикрлар

Яндекс.Метрика